Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2017 йилдан буён иқтисодиётимизга 188 миллиард доллар инвестиция киритилган
12:11 / 2025-03-20

Юртимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, бу йўлдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

2017 йилдан буён мамлакатимиз иқтисодиётига барча манбалар ҳисобидан 188 миллиард доллар инвестиция киритилган. Шундан 87 миллиард доллари хорижий инвестицияларни ташкил этиб, инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 30 фоиздан ошган.

Биргина 2024 йилда иқтисодиётга киритилган инвестициялар ҳажми 1,3 баравар кўпайиб, 36 миллиард доллардан ошган. Бунинг ҳисобига эса йил бошидан буён қўшимча 70 триллион сўмлик қиймат берадиган 560 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбатида айтиб ўтилди. Унда “Ҳудудларда инвестиция дастурларининг шакллантирилиши ва ижроси, ажратиладиган маблағларни мақсадли ва самарали ўзлаштириш, инфратузилма, ижтимоий объектлар ва иқтисодий лойиҳаларнинг амалга оширилиши, ҳудудларнинг барқарор ривожланишига таъсирини ўрганиш масалалари” муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ижобий натижалар билан бирга, инвестиция дастурлари ижроси ўз вақтида ва самарали амалга оширилмаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Масалан, Бухоро вилоятида 2024 йилда Инвестиция дастури асосида амалга оширилаётган қурилиш ишларида, яъни Автомобиль йўллари қўмитаси буюртмачилигида 1 та объектда пудрат шартнома бекор қилинган, 1 та объектда эса шаҳарсозлик ва комплекс экспертиза хулосалари олинмасдан қолмоқда.

Мунозаралар давомида ҳудудларда барқарор ривожланиш учун инвестиция дастурларини шакллантириш ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент назоратини кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишидаги нутқида йирик лойиҳалар юқори даражадаги коррупцияга қарши стандартлардан келиб чиқиб баҳолаш лозимлиги ҳамда мутасаддиларга бундай инвестиция лойиҳаларида халқаро коррупцияга қарши стандартларни жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА