Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2017-2023 йилларда 5 мингдан ортиқ сув объекти фойдаланишга топширилган
13:51 / 2024-05-31

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2024 йил 9 апрелдаги мажлисида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б.Зокировга “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан парламент сўрови юборилган эди.

Мазкур масала Қонунчилик палатасининг шу йил 30 апрель куни бўлиб ўтган мажлисида муҳокама қилиниб, парламент сўровига келган жавобни қайта кўриб чиқиш ва депутатлар томонидан кўтарилган таклиф ва тавсиялар асосида такомиллаштириш ҳамда қўшимча маълумотлар тақдим этиш вазифаси юклатилган эди.  

Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида депутатлар мазкур парламент сўровига юборилган қўшимча жавобни атрофлича кўриб чиқдилар. Депутат Турғунбой Хўжаназаров парламент сўровига юборилган жавоб ҳақида маълумот берар экан, вазирлик томонидан батафсил маълумотлар тақдим этилганини таъкидлади.  

Қайд этилганидек, 2017-2023 йилларда республикани ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 5 минг 166 та ичимлик ва оқова сув объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилган. Шу билан бирга, 9,3 миллион аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланиб, 7,3 миллион фуқаронинг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Бу орқали қўшимча 221 минг истеъмолчига шартнома асосида хизмат кўрсатиш ташкил этилди.  

Аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, соҳада инсон омилини камайтириш, тўлов ҳисоблашда шаффофликни ошириш борасида ҳам муайян ишлар қилинмоқда. Хусусан, “SUEZ International SAS” (Франция) компанияси билан “Тошкент шаҳри ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини трансформация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан 22,3 млн. евролик битим имзоланган. Ушбу лойиҳа доирасида бугунги кунда тасдиқланган тендер ҳужжатларига асосан жами 673 мингта ҳисоблагични харид қилиш ишлари бошланган.  

Мажлисда парламент сўровида кўтарилган масалалар бўйича атрофлича маълумотлар тақдим этилгани қайд этилиб, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.  

 

М.Комилова,  

ЎзА