Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2017-2022 йилларда Тошкент шаҳри иқтисодиётининг ривожланиши қандай кечди?
18:51 / 2023-06-13

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти бош илмий ходими Мирҳамид Тўраев ушбу саволга қуйидагича жавоб берди.

– Ҳар бир шаҳар ёки ҳудуднинг иқтисодий ривожланиш имконияти мавжуд, – деди М. Тўраев. – Айнан шу имконият иқтисодиёт учун асосий бўғин ҳисобланиши мумкин. Ўз навбатида, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар бу жараёнда муҳим ҳисобланади.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар учун ҳуқуқий асос бўлган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси кейинги 6 йилда ҳудудларни узлуксиз ривожлантиришнинг муҳим механизми бўлди.

Ушбу даврни мамлакат ва унинг ҳудудлари тараққиётида сифат жиҳатидан янги босқич дейиш мумкин. Бунда макроиқтисодий барқарорлик мустаҳкамланди, иқтисодий ўсишнинг юқори суръати таъминланмоқда. Модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига тармоқларнинг самарадорлиги ва рақобатбардошлиги ошди.

Ўтган олти йилда Тошкент шаҳрида бу жараён қандай кечгани ҳақида тўхталиб ўтсак. Аввало, мазкур стратегик ҳужжатни амалга ошириш доирасида Тошкент шаҳрида ҳам ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида сезиларли ижобий натижаларга эришилди.

Белгиланган амалий чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши туфайли 2017-2022 йилларда Тошкент шаҳрида иқтисодиётининг юқори ўсиш суръатлари таъминланди. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 маротаба ошди. Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 1,6 маротаба, чакана савдо 1,65 маротаба, хизмат кўрсатиш 2,3 маротаба, қурилиш ишлари 2,8 маротаба, инвестицияларни ўзлаштириш 2,4 маротаба ва экспорт ҳажми 1,8 маротабага ошганини таъкидлаш жоиз.

Тошкент шаҳри иқтисодиёти ривожида “драйвер” тармоқлар бўлган соҳалар ҳам таҳлил этилди. Унга кўра, озиқ-овқат, электротехника, кимё, қурилиш материаллари, металлургия, фармацевтика, тўқимачилик саноат соҳалари ҳамда савдо, молия, транспорт, алоқа ва ахборотлаштириш, туризм, қурилиш ва кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар етакчилик қилган.

Бугунги кунда ҳудудлар, хусусан, Тошкент шаҳри иқтисодий ўсишида инсон капитали, ишлаб чиқариш тармоқлари ва хизматлар, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ҳисобига ислоҳотлар изчиллиги ва барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш устувор вазифалардан.

Айнан бу жараёнда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган топшириқлар ижроси Тошкент шаҳри иқтисодиёти равнақига кенг йўл очиб беради.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди