Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2017-2021 йилларда бoлaлaрни мaктaбгaчa тaълим билaн қaмрaб oлиш даражаси икки баробардан oшди
15:38 / 2022-06-23

Мактабгача таълим вазирлигида вазирлик ҳузурида тузилган Жамоатчилик кенгашининг илк йиғилиши ҳамда соҳада амалга оширилган ишлар ва режалаштирилган вазифалар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Вазир Агриппина Шин, Жамоатчилик кенгаши раиси Шерзодхон Қудратхўжа бола тарбиясида мактабгача таълимнинг тутган ўрни, аҳамияти ҳақида сўз юритди. Мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самаралари эътироф этилди. Ўз ўрнида мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Вазир ўринбосари Нодир Муслиддинов мактабгача таълим тизими бўйича 2017-2021 йилларда амалга оширилган ишлар юзасидан таҳлилий маълумот тақдим этди.

– 2017 йилда мактабгача таълим тизимига ажратилган маблағларнинг (жами 2 триллион сўм) ЯИМдаги улуши 0,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилда 7,3 триллион сўм ажратилган бўлиб, бу кўрсаткич 1,06 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, Давлат бюджети харажатлари таркибидаги улуши 2017 йилда 4,46 фоизни, 2021 йилда келиб 4,86 фоизни ташкил этди, – дейди Н.Муслиддинов. – 2017-2021 йилларда бoлaлaрни мaктaбгaчa тaълим билaн қaмрaб oлиш даражаси икки баробардан oшди. Жумладан, 2017 йилдa мaктaбгaчa ёшдaги болаларнинг 708 минг нафари, 2020 йилдa 1 миллион 700 минг нафари, (60,9 фоиз) мактабгача таълим билан қамраб олинган бўлса, бугунги кунга қадар қўшимча 257 минг нафар (+ 8,5 фоиз) бола қамраб олиниши ҳисобига уларнинг сони 1 миллион 957 минг нафарга (69,4 фоиз) етди.

Республикадаги барча болалар учун бир хил бошланғич имкониятларни яратиш йўлида ҳар бир боланинг мактабга киришидан бир йил олдин умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқи “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонун билан кафолатланди. Эндиликда болалар мактабга чиқишдан олдин бир йиллик мажбурий бепул мактабга тайёрловдан ўтказилмоқда. Жорий йил якунига келиб қамраб олинган 6 ёшли болалар сони 589 минг нафарга (83,8 фоиз) етди.

Мактабгача таълим ташкилотлари сони беш баробарга ошиб, ҳозирда 28 минг 12 тани (2020 йилда 18 254 та) ташкил этмоқда. Тизимга хусусий секторнинг жалб қилиниши натижасида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 250 тадан 21 минг 600 тага етди. Жумладан, давлат-хусусий шерикчилик соҳасидаги оилавий мактабгача таълим ташкилотлари сони 19 минг 672 тага етди.

2018-2021 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурлари доирасида 1 минг 424 та (2021 йилда 199 та) объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши натижада болалар учун қўшимча 73 мингдан зиёд ўрин яратилди.

Мактабгача таълим ташкилотларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш ҳамда сифатли таълим хизматини кўрсатиш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Мактабгача таълим вазирлиги тасарруфидаги 96 та педагогика коллежларида жами 54 минг 551 нафар талаба ўқимоқда. Шундан, кундузги таълим шакли билан бир қаторда 11 минг 300 дан зиёд талабаларни қамраб олган ҳолда илк бор сиртқи, кечки ва дуал таълим шакллари ҳам жорий этилди.

Мактабгача таълим тизимидаги педагоглар сони 2017 йилда 58 минг 400 нафарни, 2021 йил якунида эса 134 минг 641 нафарни ташкил этди. Шунингдек, олий маълумотли педагоглар салмоғи 21,6 фоиздан 33,8 фоизгача етказилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари билан биргаликда болаларни овқатлантириш стандартлари, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати ҳамда овқат тайёрлаш технологиясини кўриб чиқиб, ушбу тамойилларни амалиётга татбиқ этиш ва болаларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари учун таомлар рецепти китоби ишлаб чиқилди.

Амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга қарамай, соҳада ҳал этилиши лозим бўлган долзарб муаммолар ҳам талайгина. Жумладан, 1,1 мингга яқин МФЙда мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд эмас. Мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг ойлик маошлари пастлиги кадрлар қўнимсизлигини келтириб чиқармоқда, шунингдек тажрибали кадрларни жалб этиш имкониятларини пасайтирмоқда.

Мактабгача таълим ташкилотларида педагог кадрларининг салоҳияти паст, раҳбар ва педагог кадрларнинг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб боришнинг самарали тизими мавжуд эмас.

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур муаммо ва камчиликларни бартараф этиш борасида амалий ишлар қилинмоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА