2016-2025 йиллар давомида республикада истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш ҳажмлари барқарор ўсишни намоён этди. Энергетика соҳасида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар, янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши ҳамда электр тармоқларини модернизация қилиш натижасида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш имкониятлари кенгайди.
Энергетика вазирлиги ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, 2016 йилда республика истеъмолчиларига 45,7 миллиард киловатт-соат электр энергияси етказиб берилган. 2017 йилда ушбу кўрсаткич 47,4 миллиард киловатт-соатни, 2018 йилда 50,5 миллиард киловатт-соатни ташкил этган. 2019 йилда электр энергияси таъминоти ҳажми 52,7 миллиард киловатт-соатга, 2020 йилда эса 55,8 миллиард киловатт-соатга етган.
2021 йилда истеъмолчиларга 59,1 миллиард киловатт-соат электр энергияси етказиб берилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 62,6 миллиард киловатт-соатни ташкил этган. Кейинги йилларда ҳам ўсиш суръатлари сақланиб қолиб, 2023 йилда 66,1 миллиард киловатт-соат, 2024 йилда 67,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси таъминланган. 2025 йилда эса республика истеъмолчиларига жами 71,0 миллиард киловатт-соат электр энергияси етказиб берилган.
Таҳлилларга кўра, 2025 йилда истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси ҳажми 2016 йилга нисбатан 25,3 миллиард киловатт-соатга ёки 55 фоизга кўп бўлган. Бу эса мамлакатда энергетика тизимини ривожлантириш, электр таъминоти барқарорлигини ошириш ва иқтисодиёт ҳамда аҳолининг ўсиб бораётган талабини қондиришга қаратилган чора-тадбирлар самарали амалга оширилаётганини кўрсатади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА