Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2016-2022 йилларда давлат бюджетидан тиббиётга ажратилаётган маблағлар тўрт баробар ошган
14:35 / 2023-07-06

Пойтахтимизда давом этаётган “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳаларига оид мавзуларда қизғин давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда.

Уларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида эришилаётган натижалар кенг эътироф этилмоқда. Халқаро эксперт ва мутахассислар ҳам бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилмоқда.  

Хусусан, халқаро экспертлар иштирокида ўтган мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими трансформацияси ва замонавий тиббиёт тизими ривожига бағишланган халқаро тадбирда кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, соҳага янги бошқарув усулларини, замонавий технология ҳамда даволаш усулларини кенг жорий қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди.  

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2016 — 2022 йилларда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизими учун ажратилаётган маблағлар қарийб 4 баробар ошган. Шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди. Натижада тиббиётнинг барча бўғинида бирламчи тиббий санитария ёрдамидан тортиб, ихтисослаштирилган тиббий хизматгача, хусусий тиббиёт тизимида тиббий муассасалар моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, уларда кўрсатиладиган тиббий хизмат турлари кўпайди. Бундай хизмат кўрсатувчи муассасалар тармоқлари ҳудудлар, туман-шаҳарларгача етиб борди, кадрлар билан таъминлаш ва уларнинг малакасини оширишга эътибор кучайди.  

Хусусан, ҳудудларда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниб, бундай муассасалар учун 20 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штати қўшимча ажратилди, ҳар бир маҳаллада “хонадонбай” ишлайдиган тиббий бригадалар ташкил этилди, аҳолини 66 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди.  

Маҳаллаларнинг бир нафар оилавий шифокори ҳамда тўрт нафар ёрдамчи ҳамширасидан ташкил топган 17 мингта тиббий бригада шакллантирилди. 21 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилди. Республика ихтисослашган тиббиёт марказларининг сони охирги беш йилда 13 тадан 23 тага етди, ҳудудларда юздан ортиқ филиаллари ўз фаолиятини бошлади.  

Халқаро тадбирда бу каби самарали натижалар қайд этилар экан, хорижий эксперт ва мутахассислар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлиги бўйича элчиси, тиббиёт фанлари доктори Чои Жае Вук соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришлар хусусида қуйидагиларни қайд этди:  

—  Мамлакатингиз сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш борасида салмоқли ютуқларга эришиб, соҳага инновацияларни кенг жорий этаётгани эътирофга лойиқ. Ўзбекистон ва Корея ўртасида тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича кўплаб лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Масалан, Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти билан биргаликда кадрларни ўқитиш ҳамда малакасини ошириш бўйича иш олиб бориляпти. Бундан ташқари, қўшма магистратура ва докторантура дастурлари амалга оширилмоқда. Бугунги халқаро анжуман аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги тиббий ҳамкорлик алоқалари ҳамда қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.  

Дарҳақиқат, халқаро форум доирасида бўлиб ўтаётган барча тадбирлар юртимизнинг сўнгги йиллардаги эришган кенг кўламли ютуқ ва натижаларини янада кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА