Ўзбекистон дўстлари
Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган таълим, илм-фанни янада ривожлантириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Марказий Осиёда тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаш, умуман, барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар дунё жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Буни қуйидаги халқаро эксперт ва мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тасдиқлайди.
Равиндер Гаргеш,
Самарқанд давлат университети инглиз тили кафедраси мудири, профессор, Осиё мамлакатлари инглиз тили ўқитувчилари халқаро ассоциацияси президенти:
— Назаримда, Марказий Осиёда таълим-тарбияга, ёшлар тақдирига Президент Шавкат Мирзиёев даражасида ғамхўрлик кўрсатаётган, катта маблағлар йўналтираётган давлат раҳбари йўқ.
Таълим тарихини ўрганган мутахассисларнинг таъкидлашича, бирор-бир мамлакатда давлат раҳбари томонидан эътибор қаратилмаса, илм-фан, таълим ривожланмаган. Буни жуда кўп юртлар мисолида кўрамиз. Илм-фан, таълим ва бошқа соҳалар ҳам давлат раҳбарининг интилиши ва хоҳиш-истаги билан тараққий этади. Бу ҳақиқат бугунги Ўзбекистон мисолида яққол намоён бўлмоқда.
Ўзбекистонда кейинги 5 йилда ўтказилган халқаро конференциялар, анжуманлар ҳам буни тасдиқлайди. Бугун дунё миқёсида ташкил этилаётган муҳим тадбирларни Ўзбекистон олимларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бутун дунё бўйлаб энг нуфузли олий таълим даргоҳларида ўзбекистонлик ёшларнинг борлиги, илмий тадқиқот олиб бораётганлиги фикримиз далилидир. Жаҳон илм-фан марказларида ҳам ўзбекистонлик олимлар кўпчиликни ташкил қилади. Бир пайтлар ёпиқлик сиёсати устувор бўлган Ўзбекистонда бугун бутунлай бошқача манзара ҳукм сурмоқда. Чунки ёпиқ мамлакатда илм-фан ва таълим ҳеч қачон ривожланмайди.
Ўзбекистонда кейинги йилларда кўплаб чет эл олий таълим муассасалари филиаллари очилди. Ўзбекистон ёшлари чет тиллар, айниқса, инглиз тилини ўрганишга қаттиқ ҳаракат қилмоқда. Бу имкониятлар ўзининг дастлабки натижаларини бераётир. Ўзбекистон собиқ иттифоқ даврида ҳам бутун Марказий Осиёга кадрлар етиштириб бериш билан машғул бўлган. Афсуски, ўтган чорак аср давомида бу мавқеини йўқотаёзган эди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг даврида айнан Ўзбекистон илм-фан ва таълим борасида ўз мавқеи ва юксаклигини тиклади.
Ишонаманки, 2016-2021 йиллар тарихга Ўзбекистон илм-фани ва таълим тизимининг тикланиш даври сифатида киради.
Фредерик Бруне,
Франция Миллий тадқиқотлар маркази археология лабораторияси катта илмий ходими, Ўрта Осиё бўйича экспедиция раҳбари:
— Бугунги Ўзбекистон заминида инсоният тафаккури, тамаддунига тамал тоши қўйган илм-фан марказлари бўлган. Маъмун, Улуғбек академиялари ўтмишда ҳам, бугун ҳам тан олинади, эътироф этилади.
Истанбул университетига Улуғбек академиясининг энг машҳур олими Али Қушчи томонидан асос солингани ҳам фикримиз далилидир. Лекин ўтмиш буюклиги ўз ўрнида собит тураверади. Бугунги кунлар бизнинг олдимизга саволларини, масъулиятини, бурчимизни қўяди, эслатади. Худди Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Япония таълимга, илм-фанга эътибори туфайли дунёни забт этгани каби Ўзбекистон ҳам таълимга, ёшларга, олимларга кўрсатаётган олий даражадаги муносабати ортидан нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда ўз мавқеини юксалтириш арафасида.
Менинг Ўзбекистон ёшларига ҳавасим келади. Чунки мамлакат раҳбари ҳар йили бир неча марта, айнан ёшлар вакиллари билан учрашиб, уларнинг интилишлари, орзу-истаклари билан қизиқади. Муаммоларини сўрайди ва мутасаддиларга биринчи навбатда ёшларга эътибор қаратиш кераклигини уқтиради. Ихтирочи ёки ижодкор ёшлар бўладими — ҳамма-ҳаммаси давлат ва Президентнинг диққат марказида.
Ўзбекистонда бугун ўтмишдан фахрланиш, шунингдек, замон билан ҳамнафас бўлишга интилиш кучли. Бу, айниқса, ота-оналарда умид уйғотмоқда. Чунки ўзбек оилаларида фарзандлар бахт-саодати жуда муҳим ҳисобланади. Ҳар бир хонадонда икки, уч, беш нафаргача ўғил-қизлар тарбияланади. Фарзандининг ўқишини истайдиганлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Буни ҳисобга олган ҳолда Президент Мирзиёевнинг йилдан-йилга олий таълимга қабул квоталарини ошираётгани таҳсинга сазовор.
Ифтихор Малик,
Буюк Британиянинг Оксфорд ва Бас Спа университетлари профессори, Ўрта Осиё тарихи бўйича мутахассис:
– Халқаро ҳамжамият томонидан аҳолининг ижтимоий муҳофазаси ҳақида кўп гапирилади, тадбирлар, йиғилишлар ўтказилади. Лекин натижага келганда кўрсаткичлар пастлигича қолаётганлиги маълум бўлади.
Мен халқаро ҳамжамиятга бу борада Ўзбекистонни ўрнак қилиб кўрсатмоқчиман. Ижтимоий муҳофазанинг ўзбек моделини ўрганиш, тадқиқ этиш керак, деб ҳисоблайман. Президент Шавкат Мирзиёев аҳолининг ижтимоий муҳофазаси юзасидан жуда кўп қарор ва фармонларни имзолади. Президентдан тортиб то ҳокимгача, сенатордан то депутатгача бўлган амалдорлардан аҳолининг хонадонларига кириб бориш, ҳақиқий аҳволни ўз кўзи билан кўриш эзгу тамойилга айланди. Эҳтиёжмандларга иш керакми, кредитми, тиббий ёрдам ёки моддий кўмак зарурми – барчаси ўрганилиб, таҳлил этилди. Қисқа вақт ичида уларга шарт-шароилар яратилди.
Аслида бундай натижага эришишни дунёнинг жуда кўп мамлакатлари аҳолиси орзу қилади. Президент Мирзиёев одамларнинг мана шу орзуларини ҳаёт ҳақиқатига айлантира олди.
Қарангки, бир пайтлар одамлар раҳбарларни ортидан излаб юрган бўлса, бугунги кунга келиб энг катта давлат амалдори ҳам энг қуйи бўғинга тушиб, аҳолининг қалбига қулоқ тутмоқда.
Иштаҳа овқатнинг устида келади, деган гап бор. Одамларнинг талаб-истаклари ҳам тобора ошиб бормоқда. Жумладан, уй-жойга ҳам. Лекин дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам аҳолининг шахсий уй-жойи камлигига ва уларнинг кўпчилиги ижарада яшашини ҳисобга олсак, бугун Ўзбекистон жуда катта муаммони бартараф этаётганини кўрамиз.
Морен Тозелли, Болонья университети профессори (Италия):
— Марказий Осиё мамлакатлари кейинги чорак аср давомида бир-бири билан душманлик кайфиятида яшаганлиги тарихга айланди. Президент Мирзиёев бошқарувга келиши билан энг аввало, Марказий Осиё давлатлари дўстлиги, яқинлиги, қардошлиги масалаларига эътибор қаратди ва чегараларни очди. Йиллар давомида кўришмаган, борди-келди қилмаган, аслида тили, дини, урф-одати бир бўлган халқлар бир-бирига қучоқ очди. Ўзаро алоқалар, иқтисодий ҳамкорликлар тикланди. Марказий Осиё иттифоқи юзасидан дастлабки учрашувлар, келишувлар, интилишлар бошланди. Қайси соҳани олиб қараманг, муносабатлар барқарор. Тараққиёт бошланди, ўзаро зиддиятлар, кескинликлар барҳам топди.
Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида юз берган таҳликали вазиятни изга солишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев муҳим ўрин тутди. Келиб чиқиши муқаррар бўлган урушнинг олди олинди. Бу қайсидир маънода минтақада Ўзбекистоннинг мавқеи янада ошишига сабаб бўлди.
Халқаро экспертлар Марказий Осиё бирлиги йўлида Ўзбекистон позициясини қаттиқ қўллаб-қувватламоқда ва бутун дунёга намуна сифатида кўрсатаяпти. Ўзбекистон тинчлик жарчиси сифатида нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда ҳам ўз нуфузини яратмоқда. Бу ҳақиқат халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилиб, тан олинмоқда.
Марказий Осиёдаги чегара, сув ва бошқа бир қатор муаммолар Ўзбекистон ташаббуси билан сиёсий дипломатик йўл орқали ҳал этилаётганлигидан кўпчилик ҳайратланмоқда. Бу Президент Мирзиёевнинг шарқона донишмандлик ва ўзбек давлатчилигининг дипломатиясини ўзида мужассамлаштирганини кўрсатади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати раҳбари
Фаррух ҲАМРОЕВ тайёрлади.