АОКАда "Оила ва гендер" илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Ҳамид Абдураманов иштирокида брифинг ташкил этилди.
Қайд этилишича, маҳалладаги хотин-қизлар фаолларининг алоҳида дастур асосида малакасини ошириб бориш вазифаси асосан “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институтига юклатилган. "Оила ва гендер" илмий-тадқиқот институти томонидан маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари учун узлуксиз ва касбий ривожлантириш тизимини ташкил қилиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларини мониторинг қилувчи ягона электрон платформа “Рақамли таълим платформа”си (https://oilamalaka.uz/) ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган.
Жорий йил январь-июнь ойларида республиканинг 5 та ҳудудида маҳалла хотин-қизлар фаоллари учун малака ошириш курслари ташкил этилган бўлиб, курсларда жами 35 та туман (шаҳар)даги 1 минг 190 та маҳалладан 656 нафар маҳалла хотин-қизлар фаоли иштирок этган.
5 та ҳудудда “Китоблар карвони” лойиҳаси “Масъулиятли ота-оналик”, “Ёш келин ва куёвларни оилавий ҳаётга тайёрлаш”, “Маҳаллаларда нотинч оилалар билан ишлаш механизмлари”, “Оила ва никоҳ муносабатлари мустаҳкамлигининг дунёвий ва диний асослари”, “Аёлларга ҳуқуқий маслаҳат”, “Гендер зўравонликка идоралараро чора кўриш бўйича амалий қўлланма”, “Аёллар меҳнат миграциясининг ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатлари”, “Киберзўравонликдан ҳимояланиш учун нималарга аҳамият бериш лозим?”, “Эрта ва яқин қариндошлар ўртасида никоҳга қарши бирга курашамиз” каби жами 33 минг 776 дона услубий қўлланма, буклет ва флаерлар тарқатилган. 2025 йил якунига қадар умумий ҳисобда 2000 нафарга яқин маҳалла хотин-қизлар фаолининг малакасини ошириш кўзда тутилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА