Шу кунларда Ҳинд океани мамлакатлари 2004 йилги зилзила ва ўндан ортиқ мамлакатда 230 мингга яқин инсоннинг ҳаётига зомин бўлган улкан табиий офатнинг 20 йиллигини чуқур қайғу билан ёдга олмоқда.
Индонезиядаги Суматра ороли ғарбий қирғоғида содир бўлган 9,1 магнитудали зилзила Шри-Ланка, Ҳиндистон, Таиланд ва Ҳинд океани ҳавзасидаги бошқа мамлакатлар қирғоқ бўйи ҳудудларида ҳам кучли тўлқин ҳосид қилган эди.
Цунами 2004 йил 26 декабрь куни эрталаб соат 7:59 да ер қимирлаши туфайли океан тубида жуда узун чизиқ пайдо бўлиши оқибатида юзага келди. Зилзилашунослар таъкидлашича, уммон тагида Ҳиндистон ва Бирма ўртасида камида 1200 километрли ёриқ очилган. Натижада баландлиги 30 метрдан ошган тўлқин пайдо бўлиб, Хиросимага ташланган 23 000 дона атом бомбасига тенг энергия ажралиб чиққан ва кенг кўламли вайронагарчиликка сабаб бўлган. Улкан тўлқин Ҳинд океани бўйлаб ўтиб, бир неча соатдан кейин Шри-Ланка, Ҳиндистон ва Таиланд соҳилларига келиб урилган.
Мутахассислар айтишича, ўша пайт довулнинг энг юқори тезлиги соатига 800 километрдан ошган.
Аввалроқ зилзила 8,8 магнитудали экани ҳақида хабар берилган эди, кейинчалик АҚШ геология хизмати 9,1 бирлик кучига эга, марказий нуқтаси 30 километр чуқурликда, Суматра қирғоғидан 150 миль масофада жойлашганини расман эълон қилди.
Табиий ҳодиса океан қирғоғи бўйида яшаётган одамлар учун мисли кўрилмаган фалокат келтирди. Офатлар ҳақидаги глобал маълумот базасида цунами жами 226 408 кишининг ҳаётига зомин бўлгани қайд қилинган. Энг кўп зарар кўрган ҳудуд – Суматра шимолида 120 000 дан кўп одам ҳалок бўлган. Индонезияда жами 165 708 ўлим кузатилган. Шунингдек, Шри-Ланкада 35 000, Ҳиндистонда 16 000, Таиландда 8 000 дан зиёд инсоннинг ёстиғи қуриган. Мальдив ороллари, Сомали, Малайзия ва Мьянмада ҳам қурбонлар бор.
БМТ маълумотига кўра, сув тошқини туфайли 1,5 миллиондан ортиқ одам уйини тарк этишга мажбур бўлган. Халқаро ҳамжамиятдан офат оқибатини бартараф этиш учун қарийб 14 миллиард доллар ажратиш талаб қилинган.
Аср фожеаси сифатида баҳоланган ушбу қайғули ҳодиса Ҳинд океани ҳавзаси атрофида яшаётган халқларнинг денгиз ости зилзиласи оқибатини бартараф этишга тайёрлиги бўйича муайян саволлар келтириб чиқарди. Бинобарин, ўша пайт минтақада ҳеч қандай огоҳлантириш тизими мавжуд эмас эди. Ҳолбуки, сўнгги йилларда бутун дунё бўйлаб 1400 дан зиёд зилзиладан огоҳлантириш тизими ишна туширилган. Бу цунами тўлқини пайдо бўлгандан кейинги огоҳлантириш вақтини бир неча дақиқага қисқартирган.
Дарҳақиқат Ҳинд океани минтақасига ихтисослашган олимлар таъкидлаганидек, ушбу мақсадга йўналтирилган миллионлаб доллар маблағ эвазига дунё ҳозир зилзилага ҳар қачонгидан кўпроқ шай.
– Афсуски, бу ҳам ҳалокатли цунами юз берган тақдирда тўлиқ хавфсизликни кафолатлай олмайди, – дейди улар.
С.Раҳимов, ЎзА