Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
20 ноябрь – Бутунжаҳон болалар куни...
15:17 / 2022-11-20

Болажонлар — ҳар бир халқнинг қувончи, бахти, эртанги кунининг давомчисидир. Мамлакатимизда болаларни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиш, уларнинг истеъдод ва иқтидорини юзага чиқаришга, қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратиб келинади.

Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан 20 ноябрь Бутунжаҳон болалар куни сифатида эълон қилинган. Ушбу сана бутун дунёда катта байрам сифатида нишонланади. Бу борада Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика «Баркамол авлод» болалар мактаби директори Севара Маҳмудова ЎзА мухбирига қуйидагиларни баён қилди:

— Болалар ва ўсмирлар ҳар қандай жамиятнинг энг ожиз аъзоларидир, — дейди Севара Маҳмудова. Афсуски, замонавий дунёда уларнинг истак ва ҳуқуқларига тез-тез путур етказилади, ҳатто  ривожланган давлатларда ҳам болалар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари учрайди. Қониқтирмайдиган шарт-шароитлар – бола ҳуқуқлари бузилишининг энг тарқалган кўриниши. Муносиб ва хавфсиз бўлмаган, санитар шароитларсиз жойда болаларнинг яшаши ва ривожланиши қийин. Антисанитар шароитларда саломатлик мустаҳкам бўлмайди, хавфсиз бўлмаган ҳудудда эса ўйин ўйнаш эҳтиёжи амалга ошмайди.

БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили ўн бир миллион бола беш ёшига тўлмасдан вафот этади. Яна ўн миллионлаб бола жисмоний ёки ақлий жиҳатдан касал бўлиб қолади, ўсиш, яшаш ва ривожланишга имконияти бўлмайди.

Бу каби ҳолатларга эътиборсиз бўлмаслик ва олдини олиш мақсадида 1959 йил 20 ноябрь санасида «Бола ҳуқуқлари ҳақидаги Декларация» ҳамда 1989 йилда «Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция» қабул қилинди. Бола ҳуқуқлари инсон ҳуқуқларининг халқаро ҳамжамият диққат марказида турган муҳим йўналишларидан бири сифатида эътироф этилди. Хусусан, БМТ 1954 йил 14 декабрда бутун дунёда болалар фаровонлигини таъминлаш ҳамда мазкур ташкилотнинг болалар бўйича фаолиятини кенгайтириш ва кучайтириш мақсадида барча мамлакатларга 20 ноябрни Бутунжаҳон болалар куни сифатида кенг нишонлашни тавсия қилди. Байрам болалар фаровонлигини оширишга, дунё миқёсида болалар манфаати йўлида БМТ томонидан олиб борилаётган ишларни кучайтиришга қаратилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда болалар ва уларнинг таълим-тарбия масаласи давлат сиёсати даражасига олиб чиқилган. Боиси, болаларни соғлом ва ҳар томонлама етук инсон қилиб вояга етеазиш, бу ҳар бир давлатнинг эртасини белгилайди.  

Бу борада «Баркамол авлод» мактаблари азиз болажонларимизнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқаришга бел боғлаган. Эртанги кунимиз давомчилари бўлган фарзандларимизнинг ҳаёти фаровон, Ватанга содиқ, ҳақиқий баркамол авлод бўлиб етишиши йўлида бор имкониятларимизни ишга солишга эътибор қаратяпмиз. Тинч-осойишта юртимизда болажонларимизнинг бахтли кулгилари, кўзни қувнатадиган улкан ютуқ ва натижалари бардавом бўлаверсин!

Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА