Бугун АОКАда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева иштирокида 2022 йилнинг 6 ойи давомида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди.
Унда жорий йилнинг 6 ойи давомида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
– 2022 йилнинг 1 чорак якуни бўйича республикада меҳнат ресурслари сони 19 миллион 400 минг нафарни ташкил этиб, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 101,1 фоизга ёки 220 минг кишига ошган, – деди Мавжуда Мирзаева. – Меҳнат ресурсларидан иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13 миллион 600 минг кишини ташкил этиб, шундан расмий секторда банд аҳоли сони 6 миллион 100 минг нафарни, норасмий секторда банд бўлганлар сони 5 миллион 700 минг нафарни, республикадан ташқарига ишга кетганлар сони 1 миллион 800 минг кишини ташкил этган.
Ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 миллион 400 минг кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,2 фоизни ташкил этди. 2022 йилнинг 1 апрель ҳолатида республикамизда иқтисодий нофаол аҳоли 4 миллион 400 минг киши.
2022 йилнинг январь-июнь ойлари давомида 438 минг иш билан банд бўлмаган шахсларга бандлик хизматлари кўрсатилди. Бунинг учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 301 миллиард сўм маблағ ажратилди. Жумладан, туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 210 минг нафар ишсиз, шунингдек, чет элдан қайтиб келган фуқароларни мавжуд бўш иш ўринларига ишга жойлашишига кўмаклашилди. 13 минг эҳтиёжманд шахс ишга жойлаштирилди.
Шунингдек, «Ягона миллий меҳнат тизими» электрон базаси орқали 253 минг, шундан давлат ташкилотларида 95 минг, хусусий субъектларда 158 минг бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар аниқланди. Мазкур бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар ish.mehnat.uz ва ish2.mehnat.uz сайтларида оммага эълон қилиниб, ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Ишсиз фуқароларни вақтинчалик бандлигини таъминлаш мақсадида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳамда буюртмачи иш берувчилар билан ҳамкорликда вақтинчалик Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил этилиб, мазкур ишларга 108 минг фуқаро жалб этилди. 22 минг 247 нафар ишсиз «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга 54,4 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратиш орқали бандлигига кўмаклашилди.
Касб-ҳунарга ҳамда етарли малакага эга бўлмаган фуқароларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга ўқитиш мақсадида Ишга марҳамат мономарказлари, касбга ўқитиш марказлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида касбга ўқитиш масканлари фаолияти йўлга қўйилди. Меҳнат органлари йўлланмалари асосида 2022 йил январь-июнь ойлари давомида 76 минг 47 нафар иш билан банд бўлмаган фуқаролар касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга жалб этилди. Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ўқишга жалб қилинган шахсларга стипендия ва ўқув харажатлари учун 22 миллиард 225 миллион сўм маблағ сарфланди.
Шунингдек, берилган ахборотда қайд этилганидек, шу йилнинг ўтган олти ойида 20 мингдан зиёд ишсиз фуқарога Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 21 миллиард 487 минг сўм ишсизлик нафақаси тўланган.
Муҳтарама Комилова, ЎзА