Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
20 апрелдан 20 майга қадар юртимиз бўйлаб махсус тактик ўқув машғулотлари ўтказилади
11:17 / 2020-04-20

Коронавирус пандемияси кириб борган дунёнинг 200 га яқин давлати бугун мазкур кўринмас душманга қарши уруш очган.

Биргаликда енгамиз!

Коронавирус пандемияси кириб борган дунёнинг 200 га яқин давлати бугун мазкур кўринмас душманга қарши уруш очган. Афсуски, ҳозирча тожли вируснинг қўли баланд келмоқда. Дунё мамлакатларининг кўп сонли аҳолиси ушбу касаллик сабаб азият чекаётир, қурбонлар сони акс этган рақамлар ҳам киши кўнглига хавотир солади. Лекин психологларнинг таъкидлашича, пандемияга қарши курашишнинг энг самарали усулларидан бири ваҳимага берилмасликдир.

Кузатиб гувоҳи бўлаётганингиздек, бутун дунёда, жумладан, республикамизда ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича мунтазам равишда муҳим чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ушбу глобал масалада барча тегишли идора ва ташкилотлар халқимиз соғлиғини ҳимоя қилиш учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётир. Кенг миқёсда ташкил этилаётган мазкур тадбирларда ҳарбий хизматчилар ҳам фаол иштирок этмоқда.

Президентимиз – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг махсус топшириғига биноан жорий йилнинг 20 апрелидан 20 май кунига қадар юртимиз бўйлаб мудофаа вазири раҳбарлигида Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия ҳамкорлигида ҳокимликларнинг ободонлаштириш бошқармалари ходимларини жалб этган ҳолда махсус тактик ўқув машғулотлари ўтказилади.

BB_A5414.JPG

Ҳамкорликдаги мазкур махсус тактик ўқув машғулотларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад аҳоли кўп тўпланадиган жамоат жойлари, савдо марказлари ва бозорларда, шаҳар кўчаларида, кўп қаватли уйларда, маҳаллаларда, магистрал, асосий йўллар ва кўчаларда кенг масштабда дезинфекция ишларини олиб бориш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, фуқароларимиз хавфсизлиги, саломатлигини таъминлашдан иборатдир.

Пойтахтимизнинг барча ҳудудини қамраб олган мазкур кенг қамровли ҳамкорликдаги кўргазмали тактик ўқув машғулотига замонавий махсус техникалар, 50 га яқин авто қуювчи станция, 300 дан ортиқ дезинфекция аппаратлари ажратилди. Махсус тактик ўқувларини уюшқоқлик билан ўтказиш учун Мудофаа вазирлиги Радиацион кимёвий биологик муҳофаза қўшинлари ва Санитария эпедимиология назорат маркази, шунингдек, бошқа ҳамкор ташкилотларнинг етакчи мутахассисларидан иборат йиғма батальон тузилди. Асосий машғулотларга киришишдан аввал секторларга ажратилган мазкур йиғма батальон шахсий таркиби томонидан ҳудудларда дезинфекция ишларини сифатли олиб бориш бўйича зарур кўрсатма ва йўл-йўриқлар амалда намойиш этилди.

Машғулотлар давомида бутун дунё тажрибасидан келиб чиқиб, гипохлорит натрий, биоактив хлор, супер хлор, Жавил-Д каби дори воситалари аралашмасидан кимёвий суюқликни тайёрлашда эътибор қаратиш лозим бўладиган муҳим жиҳатлар ҳам инобатга олинмоқда. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур кимёвий аралашма ўз таркибида 50 фоиз актив хлорни сақлайди. Бу эса, ҳеч шубҳасиз, барча турдаги зарарли вирусларни йўқ қилиш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар ягона мақсадга қаратилган. Бу ҳам бўлса, халқимиз саломатлигини асраш. Ҳамкорликда олиб борилаётган тадбирларда Қуролли Кучлар тузилмаларининг ҳарбий хизматчилари ҳам тожли вируснинг оммавий тарқалиб кетиш хавфининг олдини олишда шифокорлар, санитария-эпидемиологик назорати мутахассислари билан елкама-елка туриб, халқимиз соғлиғи йўлида ўзининг матонати, жасоратини амалда намоён этмоқда. Албатта, ҳамжиҳатликда олиб борилаётган бундай саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда COVID-19 эпидемияси устидан тезроқ ғалаба қозониш, коронавирус инфекциясини тўлиқ енгишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу махсус тактик ўқуви республикамизнинг барча ҳудудларида ҳарбий округлар қўмондонлари бошчилигида ўтказилади.

«Ватанпарвар» газетаси мухбири
Исломжон ҚЎЧҚОРОВ
ЎзА учун махсус тайёрлади