2 миллиард сўмдан зиёд электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди
Бу галги электр энергиясидан фойдаланиш бўйича назорат тадбирлари Самарқанд вилоятида ўтказилди.
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” матбуот хизматининг хабар қилишича, Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган 6 та ва Каттақўрғон туманида 1 та корхона электр тармоқларига ноқонуний уланиб, 5 миллион 228 минг 433 киловатт соат миқдорида электр энергиясини ноқонуний ишлатган.
Ҳисоб-китобларга кўра, бундай ҳолатлар туфайли давлат манфаатларига 2 миллиард 355 миллион 502 минг 460 сўм зарар етказилган. Ушбу миқдордаги электр энергияси 26 минг 142 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тўғри келади.
Айни кунда мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим этилган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА