Мамлакатимизда божхоначилар томонидан тамаки маҳсулотларини ноқонуний тарзда юртимизга олиб кириш ва унинг юртимиз ҳудудида айланувини олдини олишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ходимлари билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Яшнобод туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Тезкор тадбирда фуқаро бошқарувидаги «Спарк» русумли транспорт воситаси автогараж ҳудудидан чиқаётган вақтида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда 1000 қути тамаки маҳсулоти борлиги маълум бўлди. Шундан сўнг, гаражнинг ертўласи кўздан кечирилганида, ертўлада тамаки маҳсулотларини «яма» сифатида сақлаш учун фойдаланиб келингани фош бўлди.

Бу ерда Ўзбекистон Республикасининг акциз маркалари ҳамда рақамли маркировка кодлари билан маркаланмаган, божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 5 турдаги 87 минг 500 қути тамаки маҳсулоти ноқонуний равишда сақланаётгани маълум бўлди.
Ушбу ҳолатда ўтказилган тезкор тадбир натижасида олиб қўйилган 88 минг 500 қути сигаретнинг умумий қиймати 2 млрд. 175 млн. сўмни ташкил этмоқда.
Навбатдаги ўтказилган тезкор тадбирда эса Чилонзор туманидаги автотураргоҳлардан бирида «Исузу» русумли юк транспорт воситасига юклаш учун ҳозирланаётган 7 дона картон қутилар кўздан кечирилди. Натижада Ўзбекистон Республикасининг акциз маркалари ҳамда рақамли маркировка кодлари билан маркаланмаган қиймати 60 млн. сўмлик 5000 қути тамаки воситалари борлиги аниқланди.
ЎзА