Маълумки, оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолияти ҳисобланади. Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхонадир. Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни бошламоқчи бўлган юртдошларимиз учун ҳам барча имкониятлар етарли. Бунинг натижасида оилавий корхоналар сони 67 мингдан ошди.
Ташкилотни очишдан бошлаб, молиялаштириш манбалари, молиявий рағбатлантириш, рухсат берувчи ҳужжатлардан тортиб, маҳсулот бозорини топгунча барча жараёнларда давлат кўмакчи сифатида фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ўтган йилнинг ўзида 150 минг нафар ёшга 3,2 трлн. сўм имтиёзли кредит ажратилди. 163 минг нафар ёшга деҳқончилик учун 67 минг гектар экин майдонлари берилди, 662 минг нафар ёшнинг ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашилди, 56 минг нафар ёш касб-ҳунарга ўқитилиб, бандлиги таъминланди. Натижада, 2 620 та маҳалла “ёшлар ишсизлигидан ҳоли ҳудуд”га айланди.
Ёшлар ишлари агентлиги маълумотига кўра, 2024 йилда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор режалар қўйилган.
Хусусан, ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятларни яратиш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилади. Жорий йил 1 июндан бошлаб “Ёш тадбиркор” танловларини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.
Жумладан, ёшлар ишлари агентлиги томонидан танлов асосида “маҳалла – туман – вилоят – республика” босқичларида ёшларнинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғоялари сараланади.
Республика босқичида саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилади ва кредит ставкасининг 50 фоизи қоплаб берилади.
Ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоя эгалари Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.
Ёшларнинг салоҳияти, истеъдоди ва ташаббусларини тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида касблар танловида ғолиб бўлган ёшларни ўз ҳудудларида жиҳозланган устахоналар билан Ёшлар ишлари агентлиги ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан таъминлаш амалиёти йўлга қўйилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА