Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2-13 июнь кунлари навбатдаги донорлик акцияси ўтказилади
11:11 / 2025-05-29

Ҳаёт манбаи бўлган қон ва унинг таркибий қисмлари беморлар саломатлигини асраш, ҳаётини сақлаб қолишда муҳим восита ҳисобланади. Шу боис, донорлик ҳаракати долзарб аҳамиятга эгадир. Маълумотларга кўра, бу борада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти давлатларга ўз аҳолисининг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун донорларнинг сони ҳар 1000 кишига 30 нафар ва ундан ортиқ бўлиши лозимлигини тавсия этади.

Юртимизда ҳам аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини оммалаштириш ва ривожлантириш, кўнгилли донорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Бу борада шу йил 28 февралда қабул қилинган “Донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар учун бир йўла бериладиган пул мукофоти миқдори оширилди. Уларга шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш, ўзлари учун қулай бўлган вақтда ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳамда санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ўтказиб келинаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги беғараз донорлик акцияси донорлик ҳаракатини ривожлантириш ҳамда бемор болаларни ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

9 йилдан буён анъанавий тарзда йилига икки-уч марта ўтказилаётган мазкур акциядан кўзланган асосий мақсад бемор болалар саломатлигини тиклашда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, аҳоли ўртасида беғараз ёрдам муҳитини кучайтириш, қўшимча қон ва унинг таркибига эҳтиёжи бор бўлган бемор болаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда болалар учун қон захирасини тўлдириш, аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, донорлик ҳаракатини кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантиришга ҳисса қўшишдан иборат.

Бемор болалар ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшиш истагидаги кўнгиллилар ҳар йили ушбу акцияда фаол иштирок этиб келади. Партиянинг маълумотларига кўра, бугунги кунгача 28 минг 833 нафар ҳамюртимиз ушбу акцияда донор сифатида иштирок этган. Натижада 9 минг 517 литр қон йиғилиб, бу орқали 44 минг 321 нафар болажоннинг саломатлигини тиклаш ва ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшилган.  

Партиянинг навбатдаги донорлик акцияси 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан 2-13 июнь кунлари (дам олиш кунлари бундан мустасно) ўтказилиши режалаштирилган. Беғараз донорлик ҳаракатида иштирок этиш истагида бўлган юртдошларимиз шу кунлари соат 9:00 дан – 16:00 гача Республика қон қўйиш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимларига ташриф буюриб, болалар ҳимояси ва саломатлиги йўлида ҳисса қўшишлари мумкин.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА