2-12 сентябрь кунлари Самарқандда автобуслар соат 5.00 дан бошлаб ҳаракатланади
2020/2021 ўқув йили учун олий ўқув юртларига ўқишга кириш тест синовлари Самарқандда 2-12 сентябрь кунлари ўтказилади.
2020/2021 ўқув йили учун олий ўқув юртларига ўқишга кириш тест синовлари Самарқандда 2-12 сентябрь кунлари ўтказилади. Бунинг учун 4 ҳудудда 7 та катта очиқ майдон, стадион танланган.
Абитуриентлар ва уларнинг яқинлари тест ўтказиладиган ҳудудга келиб-кетишлари учун вилоят транспорт бошқармаси томонидан ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, ўша кунларда йўловчилар оқими кескин суратда ўсишини инобатга олиб, айрим автобус йўналишлари жадвалига ўзгартириш киритилади.
Вилоят транспорт бошқармасининг хабар беришича, автобуслар эрталаб соат 5.00 дан кеч 21.00 гача ҳаракатланади. Тест ўтказиладиган кунларда йўл кира нархи сунъий равишда оширилишининг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрининг 12 ҳудудидан тест учун белгиланган майдонларгача қўшимча автобуслар кўйилади.
Бу автобуслар Даҳбет кўчасида (Банк коллежи), Университет хиёбонида (“Регистон Плаза” меҳмонхонаси), Сиёб АББда (Кафтархона), Тарих музейида (Поворот), Ҳазора АББда, Буюк Ипак йўли кўчасида (Нарпай кўчаси чорраҳаси), Сартепа масканида (Туризм коллежи), Фарҳод шаҳарчасида (Ширин МФЙ), Қорасув масканида, Улуғбек расадхонасида, Сиёб бозорида (Йўл ўтказгич кўприк ости), Кимёгарлар шаҳарчаси (“Нурафшон” ўйингоҳи)да ташкиллаштирилади. Ҳар бир автобус қайси йўналиш бўйича ҳаракатланиши ҳақида махсус йўл кўрсаткичига эга. Ушбу автобуслардан фақатгина абитуриентлар фойдаланиши мумкин. Автобусларга 25 нафардан ортиқ йўловчи ташиш таъқиқланади. Ота-оналар ёки бошқа ҳамроҳлар автобусларга чиқарилмайди.