Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1991-2016 йиллар давомида 484 нафар, 2020 йилдан кейин 50 мингга яқин шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилди
11:35 / 2022-11-05

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг Ички ишлар вазирлиги тизимида ижро этилишини ўрганиш якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

— Мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди, —  деди Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Эркин Салихов. — Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида кўпгина муаммолар, айниқса, узоқ вақтдан буён Ўзбекистон фуқаролигини олишга оид тўпланиб қолган масалалар ўз ечимини топмоқда. Янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши туфайли Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш ва тугатилиши соҳасидаги маъмурий тартиб-таомиллари янада соддалаштирилди.  

Қолаверса, шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш ва бекор қилиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари мустаҳкамланди. 1991 йил сентябрь ойидан 2016 йилнинг декабрь ойига қадар жами 484 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бўлса, 2020 йилда янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий истиқомат қиладиган фуқаролиги бўлмаган 50 мингга яқин шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тан олинди.  

Йиғилишда қайд этилганидек, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар томонидан “Е-Ғuqaro” идоралараро маълумотлар базаси яратилди. “Е-Fuqaro” идоралараро маълумотлар базаси орқали фуқаролик масалалари бўйича тушган аризалар идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўртасида кўриб чиқиш ҳамда уларга тегишли муносабат билдириш тартиби жорий қилинди.  

Шунингдек, “Е-Ғuqaro” идоралараро маълумотлар базаси яратилиши орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тиклаш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тан олиш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиш бўйича ягона маълумотлар базаси шакллантирилди.  

Йиғилишда Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг Тошкент, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларидаги ўрганишлари, шунингдек, Ички ишлар бошқармаларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармалари ва уларнинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати муҳокама қилиниб, муҳим таклифлар илгари сурилди.   

М.Комилова,  ЎзА