Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
197 млн куб метр сув тежалди
15:07 / 2026-01-05

Сирдарё вилоятида сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш орқали 2025 йилда 197 миллион куб метр сув ҳамда 12,5 миллион кВт/соат электр энергияси тежалди. Бу эса қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини 15–20 фоизга ошириш имконини берди.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган бўлиб, Сирдарё вилоятида аниқ амалий натижалар бермоқда. Қишлоқ хўжалиги етакчи тармоқ ҳисобланган ҳудудда сувни тежаш масаласи стратегик аҳамият касб этади.

–   Сув тақчиллиги шароитида ҳар бир куб метр сув ҳисоб-китоб билан тақсимланиши шарт. Рақамли назорат ҳамда сувни ўлчаш ва тежовчи технологияларни жорий этиш орқали йўқотишлар сезиларли даражада камайтирилди. 197 миллион куб метр сув тежаш — шунчаки рақам эмас, бу ер ва меҳнат самарадорлигининг ошганидан далолат, – деди  Қуйи Сирдарё ирригация тизимининг ҳавза бошқармаси бошлиғи Нуркамол Отақулов. – 2025 йилда вилоятда 81 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Шунингдек, 53,1 минг гектар экин экиладиган ерлар лазер ускуналари ёрдамида текисланиб, сувнинг самарасиз сарфи сезиларли даражада камайтирилди.

Сўнгги беш йилда эса Сирдарё вилоятида жами қарийб 217 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар татбиқ этилди. Натижада уларнинг улуши суғориладиган ерларга нисбатан 76 фоизга етди.

Давлат дастурлари доирасида 2025 йилда 8 та ирригация объектларида 80,1 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 88,6 километр каналлар бетонлаштирилди, 5 километр мелиорация объектлари реконструкция қилинди ва 240 километр каналлар тозаланди.

–   “Камбағалликдан фаровонликка” дастури доирасида маҳаллаларда суғориш инфратузилмаси яхшиланиб, суғориш тармоқлари бетонлаштирилди, лотоклар ўрнатилди, қудуқлар ва насос агрегатлари барпо этилди. Шу билан бирга, кластер ва фермер хўжаликлари ташаббуси билан 597,9 километр ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди,  –   деди Нуркамол Отақулов.

Рақамлаштириш йўналишида 849 та сув ўлчаш постларига “Ақлли сув”, 828 та мелиоратив кузатув қудуқларига “DIVER” қурилмалари ўрнатилди. Энергия тежамкор ускуналарни жорий этиш орқали насос станцияларида электр сарфи камайтирилди.

Мутахассислар фикрига кўра, амалга оширилаётган ишлар Сирдарё вилоятида сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги барқарорлигини мустаҳкамлаш ва глобал сув тақчиллиги шароитида ҳудуднинг барқарор ривожланишига хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири