194 миллион сўм маблағ электр таъминоти корхонасига ундирилади
Электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўриш юзасидан Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан жойларда назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, Тошкент вилояти Тошкент тумани “Кўксарой” МФЙда фаолият юритиб келаётган “ЯҒМУР ПАРРАНДА СЕРВИС” фермер хўжалигига қарашли парранда етиштириш корхонаси ҳақиқий истеъмол қилган электр энергияси сарфини яшириб, ойлик ҳисоботларни камайтириб кўрсатилган ҳолда топшириб келгани аниқланди.
Тадбиркор томонидан ҳисоботларда кўрсатилмаган электр энергияси кўрсаткичлари бўйича 194 миллион сўм маблағ электр таъминоти корхонасига ундиришга қаратилди. Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ҳозирги кунда 2 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
ЎзА