1911 та мактабгача таълим ташкилотлари янгича тартибда аттестациядан ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 470-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”ига кўра, аттестация жараёнлари мутлақо янги тартиб асосида ташкил этилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 470-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”ига кўра, аттестация жараёнлари мутлақо янги тартиб асосида ташкил этилиши белгиланган.Мазкур низомга мувофиқ мактабгача таълим ташкилотларини 2020-2024 йилларда аттестациядан ўтказиш режаси тасдиқланди ҳамда БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ нинг кўмагида халқаро экспертлари жалб этган ҳолда аттестациядан ўтказиш мезонлари ишлаб чиқилди.
Ушбу мезон асосида 2020 йил январь-май ойлари давомида республикамиздаги 1911 та мактабгача таълим ташкилотлари аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилиши режалаштирилган.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш – таълим сифатини оширишнинг муҳим омили” мавзусидаги семинарда ана шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, аттестация жараёнида педагог тарбиячиларнинг билим даражаси, салоҳияти, иш ҳужжатларининг юритилиши, хоналарнинг жиҳозланиш, тарбияланувчиларнинг билим олишлари учун муассасада яратилган шароитлар ўрганилади.
Натижалар асосида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари амалга оширилади.
Шунингдек, ота-оналарнинг фикрлари ва талабларини инобатга олган ҳолда муассасани ривожлантириш бўйича “Йўл харита”лари белгиланиб, амалга татбиқ этилади. Бу тизим билан мактабгача таълим ташкилотларидаги шароитлар яхшиланиб, таълим сифати ошишига эришилади.
Хусусан, Низомга кўра, мактабгача таълим ташкилотларида ташқи аттестация давомийлиги эса 10 кундан 3 кунгача қисқартирилди.
Шу кунгача таълим муассасаларидаги аттестация жараёнлари туман (шаҳар) ҳокимликлари қошида ташкил этилган ва ҳоким ўринбосари раислик қиладиган аттестация комиссиялари томонидан амалга оширилар эди.
Бироқ, шу кунгача амалга оширилган тизим таълим сифатини оширишда, бу борада мактабгача таълим муассасаларида етарли шароитларни яратишда кутилган натижани бермади.
Семинар доирасида жорий йил декабрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар миқёсида ҳамда туман (шаҳар)лар миқёсида тарғибот ишлари давом эттирилиб, низом талабларини барча мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларига, ҳар бир педагог ходимларгача етиб боришини таъминлаш бўйича келишиб олинди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қилиш
давлат инспекцияси
матбуот хизмати