Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
190 дан ортиқ кооперативлар фаолияти учун қулайликлар яратилади
12:52 / 2024-07-11

Бугунги кунда аграр соҳада амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида тўлиқ бозор механизмларига асосланган янгича тизим яратилиб, эркин рақобат муҳити шакллантирилмоқда.

Эндиликда деҳқон ва фермерларга замонавий қишлоқ хўжалиги кооперативлари хизматларидан фойдаланиш имконини берувчи қулай ҳуқуқий асослар яратилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қишлоқ хўжалиги кооперативларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.   

Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Одинахон Отахонова мазкур қонун лойиҳаси мазмуни ҳақида сўзлаб берди:   

– Яратилган қулай агробизнес муҳити натижасида 835 тадан ортиқ агросаноат кластерлари, 90,7 мингтадан ортиқ фермер хўжаликлари самарали фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан пахта ва ғалла экиладиган майдонлардан 260 минг гектар қисқартирилиб, аҳолига 0,10 гектардан 1,0 гектаргача ер майдонлари узоқ муддатли ижарага берилмоқда. Бу кўплаб янги, шунингдек, минглаб мавжуд бўлган кичик деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш имкониятини яратмоқда.  

Шу билан бирга, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тармоғида мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ва минглаб деҳқончилик билан шуғулланувчи оилавий тадбиркорлик субъектлари турмуш фаровонлигини ошириш учун фермерларга қишлоқ хўжалиги кооперативлари хизматларидан фойдаланиш имконини берувчи қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва институционал асосларни яратиш зарурати юзага келди. Шунингдек, юртимиздаги мавжуд 190 тадан ортиқ кооперативлар кўп ҳолларда айрим қийинчиликларга дуч келаётгани, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда етарлича шароитлар мавжуд эмаслиги кооператив муносабатларни комплекс ҳуқуқий тартибга солишни тақозо қилди.   

Шундан келиб чиқиб, “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Чунки амалдаги “Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида”ги қонун 1998 йилда қабул қилинган бўлиб, асосан ширкат хўжаликлари фаолияти билан боғлиқ нормалар ёритилган. Мунтазам ривожланиб келаётган замонавий кооператив муносабатларни тартибга сола олмайди. Кооперация муносабатларининг ҳуқуқий асосларини белгиловчи “Кооперация тўғрисида”ги қонун (1991 йил) эса агрофирмалар, кластерлар, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва фермерлар ўртасидаги ҳамкорликнинг кўплаб ва янги ривожланаётган шаклларини етарли даражада қўллаб-қувватламайди.   

Аввало, қишлоқ хўжалиги кооперативи ҳақида тўхталиб ўтсак. Қонун лойиҳасида қишлоқ хўжалиги кооперативи жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий равишда бирлашиб, эгалик қиладиган ва демократик йўл билан бошқариладиган, аъзоларининг моддий ва бошқа эхтиёжларини қондириш учун пай усулига асосланган қишлоқ хўжалигида фаолият юритувчи мустақил ва тижорат ташкилот эканлиги белгиланмоқда.   

Ушбу қонун лойиҳасининг мақсади қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, кооператив аъзолигига қабул қилиш, назорат қилиш, ташқи аудит, бошқариш, қайта ташкил этиш ва тугатиш борасидаги, шунингдек, давлат ва кооперативлар ўртасидаги ҳамда мулкий муносабатларни тартибга солиш ҳамда кичик ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашдан иборат. 

Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш, сотиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзаро кооператив муносабатларни жорий этишнинг тўлиқ механизмлари акс эттирилган. Қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этишда жисмоний ёки юридик шахслар бўлган аъзоларнинг энг кам сони етти нафардан иборат бўлиши белгиланмоқда.   

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини вертикал етказиб бериш занжирларини яратиш учун интеграциялашган қишлоқ хўжалиги кооперативлари иккиламчи ёки ундан юқори даражадаги камида учта қишлоқ хўжалиги кооперативлари томонидан тузилиши мумкин.  

Бундан ташқари, кластер корхоналари каби бошқа турдаги субъектлар уларга озчилик аъзолари сифатида қўшилиши мумкин. 

Бундан ташқари, давлатнинг қишлоқ хўжалиги кооперативларига оид ваколатлари ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Қишлоқ хўжалиги кооперативлари ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, умумий мулкий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш ҳамда биргаликда таълим ва бошқа ёрдамчи объектларини ташкил этиш мақсадида қишлоқ хўжалиги кооперативларининг бир ёки бир нечта уюшмаларини нотижорат ташкилотлари бўлган бирлашмалар шаклида тузиш бўйича нормалар киритилмоқда.   

“Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали кооператив муносабатлар комплекс ҳуқуқий тартибга солинади, ишлаб чиқарувчиларнинг ўзаро ҳамкорлигини, ўз ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, уларни профессионал ва демократик йўл билан бошқариш ҳамда қишлоқ хўжалигида муваффақиятли фаолият юритишини таъминлайди.  

Интеграциялашган кооперативларни ташкил этиш қоидалари кўплаб кичик ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулотларни қайта ишлаган ҳолда сотиш ва экспорт қилишнинг вертикал тузилмаларини яратиш имконини беради.  

Ушбу жараёнда кластер корхоналари ва бошқа тадбиркорлик субъектларини ўзаро манфаатли тарзда бирлаштиради, қишлоқ хўжалигида инвестиция жозибадорлигини оширади. Шунингдек, ишлаб чиқарувчиларнинг бир жамоа бўлиб муваффақиятларга эришиш, ўз-ўзига ёрдам бериш кўникмаларини шакллантириш, ўз манфаатларини таъминлашга шарт-шароитлар яратади.   

ЎзА мухбири

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.