Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг хабар беришича, жорий йил 19 январь санасида ўтказилган онлайн савдолар натижасида 6 минг 344 та мулк савдога чиқарилди.
Шунингдек, бошланғич нархи 15,5 миллиард сўмлик 706 та мулк 24,1 миллиард сўмга реализация қилинди. 10,7 миллиард сўмни ташкил этувчи давлат активлари 12,5 миллиард сўмга сотилган.
Қорақалпоғистон Республикасидаги бошланғич нархи 3,4 миллиард сўмлик “Қўнғирот-Устюрт темир йўл обод” паррандачилик мажмуаси 3,7 миллиард сўмга сотилди. Урганч шаҳридаги “Жанубгазбутлаш ва қурилиш” УКга қарашли нархи 171 миллион сўм бўлган бўш бино 615,6 миллион сўмга сотилди.
Хива шаҳридан йиллик ижара ставкаси 104,8 миллион сўмлик “Қўнғирот минтақавий темир йўл узели” УКга қарашли бўш турган икки қаватли бино учун 115,2 миллион сўм таклиф берилди.
Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги нархи 7 миллион сўм бўлган қурилиш саноати корхоналари қуриш учун 5 сотих ер участкаси 302,8 миллион сўмга сотилди. Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидан нархи 554,2 миллион сўмлик автотураргоҳ қуриш учун 2,29 гектар ер участкаси 1,3 миллиард сўмга сотилди. Самарқанд вилояти Булунғур туманидан нархи 6,1 миллион сўм бўлган кўп қаватли уй-жой қуриш учун 4 сотих ер участкаси 356,3 миллион сўмга сотилди.
ЎзА