Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
19 мартдан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш вақтинча тўхтатилади
18:12 / 2022-03-17

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги 116-сон қарори билан миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг пластик шаклда тайёрланадиган янги намуналари жорий этилган эди.

Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, ҳар бир гувоҳнома алмаштириш пунктига кунига 55-60 нафардан фуқаро мурожаат қилганда тўлиқ қамров учун ўртача 4 йил вақт сарф қилиниши режалаштирилган эди. Ҳозирда эса, бир кунда 500-600 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда. 

Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоеванинг маълум қилишича, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизмати техник-профилактик тадбирлар ўтказилиши муносабати билан 19 мартдан – 2 апрель кунигача вақтинча кўрсатилмайди. 

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, республика бўйича эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган ҳайдовчилар сони – қарийб 5,7 миллион нафарни ташкил этади. Шунга кўра, эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини мажбурий алмаштириш муддатлари Ҳукумат томонидан 2 маротаба (дастлаб, 2020 йилдан – 2021 йилнинг охирига қадар, кейинчалик 2021 йилдан – 2022 йилнинг сўнгига қадар) узайтирилган. 

Шунингдек, ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш ҳажмини йил давомида бир маромда тақсимлаш, уларнинг йил якунида алмаштириш жойларида тўпланиб қолишларининг олдини олиш мақсадида гувоҳномаларни алмаштиришнинг якуний муддатлари табақалаштирилди (масалан, 2010 йилгача олинган гувоҳномалар – 2022 йилнинг апрелига қадар, 2012 йилгачалари –  2022 йилнинг июль ойига қадар ва ҳоказо). Ушбу муддатларда алмаштирилмаган ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас деб топилиши белгиланди. 

Бугунги кунда жами 74 та пунктда хизмат кўрсатиш имконияти яратилиб, тегишли моддий-техникавий база билан таъминланган (қурилмаларнинг 49 таси – ЙҲХББ бўлинмалари, 25 таси Давлат хизматлари марказларига ўрнатилган). Амалга оширилган ишлар натижасида янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси амалиётга киритилган пайтдан бошлаб, бугунги кунга қадар 2,6 миллиондан ортиқ ҳайдовчиларинг гувоҳномалари янгисига алмаштирилди. 

Ўтказилган таҳлиллар 3,1 миллиондан ортиқ фуқароларимиз томонидан ҳужжатларни алмаштирилмай келинганлигини кўрсатди. Юзага келаётган ноқулайликни бартараф этиш мақсадида ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришнинг охирги муддатларини мутаносиб тарзда – 2023 йилнинг 31 декабрига қадар ўзайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда. 

Шунингдек, ҳайдовчилик гувоҳномалари алмаштирилмаган фуқаролар сонидан келиб чиқиб, ташриф буюрувчиларнинг таҳминий сони ва асосли талабини инобатга олиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш пунктларини камида икки баробарга кўпайтириш режалаштирилди. 

ИИВ маълумотига кўра, 2022 йилнинг 1 апрелидан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиладиган ҳайдовчилик гувоҳномалари бўйича, истисно тариқасида тегишли таъсир чоралари қўлланилмайди. 


Муҳайё Тошқораева, ЎзА