Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва янада тараққий эттиришга ҳисса қўшиш – Давлат бошқаруви академияси фаолиятининг бош мезони.
Жамиятни тараққий эттириш, ислоҳотлар амалга ошишининг барқарорлигини таъминлашда барча тармоқ ва бўғинларнинг самарали фаолият юритиши катта аҳамият касб этади. Боиси, ижтимоий ҳаётда ҳар бир соҳанинг ўз ўрни ва роли бор. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғояси асосида дадил одимлаётган Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим вазифани бажаради. Шу ўринда академиянинг тарихига қисқача назар ташласак.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси 1995 йил 19 апрелда ташкил этилган бўлиб, ҳокимият органлари, вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар раҳбар кадрлар бўғини ва жамоат ташкилотлари вакилларининг сиёсий, маданий, маънавий ва профессионал тайёргарлигини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлашни тубдан яхшилаш вазифаларини бажармоқда.
Академия 2012 йил 10 апрелда қайта ташкил этилиб, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси”, сифатида қайта номланди, фаолияти такомиллаштирилди.
[gallery-6707]
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан академиянинг фаолияти ва ташкилий тузилмасига ўзгартириш киритилди, замон талабларидан келиб чиқиб, бир қатор вазифалари белгиланди.
Бугунги кунда Давлат бошқаруви академияси жамоаси Президент фармони ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни юксак даражада бажариш, замонавий билимлар билан қуролланган раҳбар-ходимларни, давлат хизматчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш борасида самарали фаолият юритмоқда.
Бу даргоҳда таълим оладиган тингловчилар савиясининг юқори бўлиши, илғор фикрлаши, изланувчанлиги уларнинг амалий фаолиятдаги муваффақияти гаровидир. Шуни ҳисобга олган ҳолда тингловчиларга давлатчилигимиз тарихи, маънавий меросимизнинг энг сара намуналарини ўргатишга, айни пайтда республика ва жаҳон ижтимоий-сиёсий жараёнлари инсоният олдига қўяётган муаммоларни ҳал эта олиш кўникмаларини турли усул ва воситалар асосида шакллантиришга урғу берилмоқда. Жараёнда хориждаги турдош академиялар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда, профессор-ўқитувчилар, илмий ходимларнинг малакасини ошириш, нуфузли даргоҳларда тажриба алмашиб қайтишларига кенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, Германия, Франция, Япония, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Тожикистон сингари мамлакатлар билан ҳар томонлама манфаатли алоқалар йўлга қўйилган.
Ҳозирда академия профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва мустақил изланувчилари давлат ва жамият бошқарувининг долзарб муаммоларига бағишланган илмий изланишлар олиб бормоқда. Даргоҳ тадқиқотчиларининг тадқиқотлари натижалари жаҳоннинг нуфузли журналлари ҳамда электрон ресурсларида мунтазам эълон қилиб борилади.
Таъкидлаш жоиз, 1996-2020 йиллар давомида академиянинг магистратура йўналишини жами 3037 нафар тингловчи муваффақиятли тамомлаган бўлиб, уларнинг 136 нафарини аёллар ташкил этди. Ушбу даврда 901 нафар тингловчи академиянинг ойлик қайта тайёрлаш курсини муваффақиятли тамомлади. Шунингдек, бу ерда ташкил этилган 10 ойлик масофавий таълимга ихтисослашган қайта тайёрлаш курсларини 2017-2020 ўқув йилларида 197 нафар тингловчи битириб, юқори лавозимлар сари яна бир муҳим қадамни ташлади.
Кейинги йилларда академияда икки ойлик “Келажак лидерлари” дастури йўлга қўйилиб, ҳудуд раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари, маҳалла раислари ва уларнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарларини ўқитишнинг янги тартиби жорий этилди.
Келгусида академиянинг бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги фаолият йўналишлари бўйича бир қатор истиқболли режаларни амалга ошириш мўлжалланган. Шу билан бирга, янги магистратура мутахассисликлари йўналишларини жорий этиш, хорижий ва маҳаллий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, давлат хизматчиларининг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бундан кейин ҳам устувор йўналишлардан бўлиб қолади.
Алишер Умаров,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат Бошқаруви Академияси илмий ишлар ва
халқаро муносабатлар бўйича проректори
Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА