Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
180 дан ортиқ сув хўжалиги объекти ўрганилади
09:55 / 2021-06-12

Бу ҳақда “Тараққиёт стратегияси” марказида “Барқарор ривожланиш мақсадида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида маълум қилинди.

 Мазкур тадбир Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳафталиги доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилди.

Қайд этилишича, Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясига асосан Сув хўжалиги вазирлиги томонидан соҳани ривожлантириш бўйича ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг сўнгги беш ойида республикамиз бўйича суғориш ишларига жами 12 миллиард 243 миллион м3 сув етказиб берилди. Олинган сув билан 7,6 миллион гектар майдон суғорилди. Сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация тадбирларини амалга ошириш, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан жами 4,5 миллиард м3 сув тежалди.

Ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича жами 355 миллиард сўмлик маблағ ҳисобига 110 км канал, 33 км лоток тармоқлари, 5,5 км босимли қувур, 24 та суғориш қудуқлари ҳамда 195 км коллектор-дренаж тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди.

Вазирлик тизимида жами 18 та насос, 26 та электродвигатель, 426 та ёруғликдиод лампалар, 4 та конденсатор қурилмалари, 2 та частота ўзгартирувчи қурилмалар ва 10 та қуёш батареялари ўрнатилди ҳамда 1 минг 210 та насос агрегатлари ва 691 та суғориш қудуқлари таъмирланди. 500 та сув хўжалиги объектига “Ақлли сув” қурилмаси, 27 та насос станцияларида сув миқдорини “онлайн” режимда мониторинг қилиш қурилмалари ҳамда 3 та сув хўжалиги объекти автоматлаштирилди.104 та мелиоратив кузатув қудуқларига сизот сувлари сатҳи ҳамда минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилувчи рақамли қурилмалар ўрнатилди.

Республика бўйича жами 184 минг гектар, шу жумладан, 172 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 7,5 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш юзасидан 5 401 дона геомембрана ҳовузлар тайёрланди, 4 413 дона насос ва фильтрлар ҳамда 91 минг гектар майдонда марказий қувурлар ўрнатилди. Халқаро молия институтлари иштирокидаги 5 та лойиҳа доирасида 31,1 млн. доллар миқдоридаги кредит маблағларининг ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 35,9 миллион доллар миқдоридаги маблағ ўзлаштирилди.

Бунинг натижасида 132 км дан ортиқ каналлар ва улардаги гидротехник иншоотларни қуриш ва қайта тиклаш, 40 дона тик қудуқларни қуриш, 2 дона насос агрегатини ўрнатиш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятида 100 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими ўрнатилди, 3,0 минг гектар майдон лазер текислагич ёрдамида текисланди ва чуқур юмшатиш ишлари олиб борилди.

Соҳада давлат-хусусий шериклик механизмини жорий этиш юзасидан 13 та лойиҳа бўйича битимлар имзоланди ва давлат реестрига киритилди. Сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини жадаллаштириш мақсадида 180 дан ортиқ сув хўжалиги объекти ўрганилиб, тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали хусусий шерикларга бериш бўйича 100 та лойиҳанинг амалга оширилиши режалаштирилган.

Давра суҳбатида мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА