Жорий йилнинг 18 январь куни истеъмолчиларни электр ва табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича барча чора-тадбирлар режа асосида амалга оширилди.
Лекин табиат инжиқликлари сабаб электр қурилмаларида 7 та, газ таъминотида 3 та носозлик юзага келди. Мазкур ҳолат махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.
Бунда бир сутка мобайнида юз берган авариявий ўчишлар оқибатида жами 4 минг 300 та истеъмолчи муайян муддат давомида электр таъминотисиз қолди. Бу рақам барча истеъмолчиларнинг 0,056 фоизини ташкил қилиб, юртимиз энергетиклари 18 январь куни 99,94 фоиз истеъмолчини электр энергияси билан барқарор таъминлаганини кўрсатади.
Тизим ташкилотларига истеъмолчилардан электр ва табиий газ таъминоти бўйича 314 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.
Тизимдаги ишлаб чиқариш ва таъминот бўйича ишлар таҳлилига кўра, корхоналар томонидан 249,6 миллион кВт•соат, режадагига нисбатан 105 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилган. Истеъмолчиларга 239,1 миллион кВт•соат, режадагига нисбатан 103 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилган. Табиий газ истеъмоли 158,7 миллион куб метрни ташкил этган.
Шунингдек, мамлакатимиздаги 1 минг 278 та “метан заправка” орқали истеъмолчиларга 12 миллион метр куб табиий газ сотилди. Автомобилларга газ қуйиш станциялари орқали 600 тонна суюлтирилган газ йўналтирилди. “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 2 минг 44 тонна автобензин етказиб берилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур маълумотлар бугун АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА