Мамлакатимизда уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида Президентимизнинг тегишли қарори билан “Иссиқликтаъминоти” АЖ ташкил этилган эди.
Мазкур ташкилот вазифалари нималардан иборат?
Қарор билан иссиқлик таъминотини яхшилаш юзасидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва “Иссиқликтаъминоти” АЖ билан биргаликда кўп квартирали уй-жойлар ва ижтимоий соҳа муассасаларига 8 минг 681 та индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш орқали марказлашган иссиқлик таъминоти “ёпиқ тизим”га ўтказилади, – дейди “Иссиқликтаъминоти” АЖ раиси ўринбосари Алижон Ҳикматов. – Шунингдек, Инвестиция дастури доирасида республика бюджети маблағлари ҳисобидан 2025-2029-йилларда иссиқлик тизимларидаги эскирган 103 та қозонхона ва 1,632 минг км иссиқлик тармоқлари, шу жумладан, 2025-2026 йилларда 18 та қозонхона ва 258 км иссиқлик тармоқлари янгиланади.

2025 йилда Инвестиция дастури доирасида республика бюджети маблағлари ҳисобидан иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш учун 500 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Шунингдек, ҳудудлардаги 8 та қозонхона ва 80 км узунликдаги иссиқлик тармоқларида қурилиш ва модернизация ишлари, 25 та “Янги Ўзбекистон” массивларида қозонхона ва иссиқлик тармоқлари қуриш ишлари бошлаб юборилган.

Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳудудлардаги 35 мингдан ортиқ хонадондан иборат 1 минг 84 та кўп қаватли уй ва 110 та ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси билан таъминлаш кўзда тутилган.
Таъкидлаш лозимки, жорий йилда давлат-хусусий шериклик асосида Нукус ва Бухоро шаҳарлари иссиқлик таъминоти тизимларида бир вақтнинг ўзида икки турдаги энергия ишлаб чиқаришни назарда тутувчи когенерация технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларга старт берилади.
Бунда Нукус шаҳридаги 20 мингдан ортиқ хонадонга эга 511 та кўп квартирали уй ҳамда 182 та ижтимоий соҳа объектлари марказлашган иссиқлик билан таъминланади. Бухоро шаҳридаги 8 мингга яқин хонадонга эга 153 та кўп квартирали уй ҳамда 22 та ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти яхшиланади.

Халқаро молия институтлари иштирокида 13 та янги истиқболли лойиҳа, жами қуввати 294 МВт бўлган 10 та қозонхона ва 617 км узунликдаги иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш, 2 минг 285 та индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш режалаштирилган. 2025 йилда 5 та Андижон, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарлари, Бўстонлиқ ва Нуробод туманларида лойиҳаларни бошлаш чоралари кўрилади.
Ҳудудлардаги 121 мингдан ортиқ хонадондан иборат 2 минг 634 та кўп қаватли уй ва 480 та ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик энергияси таъминотини яхшилаш кўзда тутилган. Бунинг натижасида марказлашган иссиқлик таъминоти қамровини 37 фоиздан 58 фоизгача етказиш, тизимдаги йўқотишларни 38 фоиздан 20 фоизгача қисқартириш чоралари кўрилади.

Қарорга асосан, жорий йилда “Янги Ўзбекистон” массивларини иссиқлик энергияси билан таъминлаш дастури доирасида 23 та қозонхонада 117,3 км иссиқлик тармоғини тортиш, 62 та иситиш қозонини ўрнатиш ҳамда 345,8 миллиард сўм маблағ ўзлаштириш режалаштирилган.
“Иссиқликтаъминоти” АЖ матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳозирда 23 та қозонхонада 55 км (47%) иссиқлик тармоғини тортиш, 45 та (73%) иситиш қозонини ўрнатиш ишлари амалга оширилди. 237 миллиард сўм маблағ молиялаштирилиб, 240 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилган.
Ҳисобот даврида “Иссиқликтаъминоти” АЖ тизим ташкилотлари томонидан жами 4,4 миллион Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилган. Шундан, аҳолига 1,1 миллион Гкал, юридик истеъмолчиларга 3,3 миллион Гкал иссиқлик энергияси етказиб берилган.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Учқудуқ марказий қозонхонаси 1962 йилда қурилган бўлиб, орадан 63 йил ўтган ва у маънан эскирган эди. Янгидан қурилган қозонхонада ҳар бирининг қуввати 21 МВт бўлган 5 дона қозон ишга туширилади. Бу эса қўшимча қувватлар, иқтисодий тежамкорлик билан бирга, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилади.
Ҳудудда айни пайтда 300 дан ортиқ кўп қаватли уй, 8 минг 626 та хонадон, 32 минг 817 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қолаверса, 17 та ижтимоий соҳа объекти, 9 та юридик ташкилот ва 50 дан ортиқ бир қаватли коттежлар мавжуд. Яна 18 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Бу эса аҳолининг марказлашган иссиқлик энергиясига бўлган талабини ошириши табиий.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА