18 та оилага 72 бош қўй-қўзи тарқатилди
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёймоқда.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёймоқда. Тадбиркорлар, фермерлар, умуман олганда, ўзини шу юртга дахлдор деб ҳисоблаган инсон борки, бу ташаббусга муносиб ҳисса қўшишга интилаётгани қувонарлидир.
Қашқадарё вилояти чорвадорлари ҳам умумхалқ ҳаракати доирасида хайрли ва энг муҳими баракали ташаббусга қўл урди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногирони бор оилаларга 2 тадан қўй қўзиси билан тарқатиладиган бўлди. Бу эзгу ишни биринчи бўлиб Ғузор тумани чорвадорлари бошлаб берди. Маҳаллалар фаоллари ёрдамида тумандаги эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларга “Пачкамар” ва “Ғузор” қоракўлчилик масъулияти чекланган жамиятлари томонидан қўй-қўзи тарқатилди. Мазкур ташаббуснинг яна бир жиҳати шундаки, у аҳоли ўртасида камбағалликни қисқартиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Кўмак олган оилалар қўй-қўзини парваришлаб, туёқ сонини кўпайтиришга интилишса бас.
Шу куни тумандаги кам таъминланган оилаларга 72 бош қўй-қўзи тарқатилди. Бундан эҳтиёжманд оилалар аъзоларининг аксарияти беҳад хурсанд бўлди. Жумладан, Амир Темур маҳалласида истиқомат қилувчи Олмахон Очилованинг беш фарзанди бор. Турмуш ўртоғи Афғон урушида иштирок этиб, меҳнатга яроқсиз бўлиб қолган. Бир амаллаб рўзғор тебратишади. Олмахон опага 2 бош қўй, 2 бош қўзи топширилди.

Шу маҳаллада яшовчи Зулфия Бекназарова ёлғиз боши билан 2 нафар фарзандни тарбияламоқда. Хўжагузар маҳалласида истиқомат қилувчи Нарзигул Дўланованинг эса 2 фарзанди бўлиб, иккиси ҳам ногирон, устига устак турмуш ўртоғи ҳам меҳнатга яроқсиз. Қоракўлчилик корхоналари вакиллари уларга ҳам 4 бошдан майда мол топширишди.
Афғонбоғ қишлоғилик Жумагул Тўраева икки фарзанди ва келини билан ночор аҳволда истиқомат қилади. Яқинда уларнинг хонадонига янги меҳмон келди. Жумагул опа қиз набирали бўлди. Исмини Шукрона қўйишди. Хонадонга Шукронанинг қадами қутлуғ келди. Келин чақалоқни олиб, туғруқхонадан қайтган куни саховатпеша инсонлар уларнинг хонадонига қўй-қўзилар билан келишди.
Шу тариқа ўша куни тумандаги 18 та оилага саховат кўрсатилди. Қўй қўзилар соғлиғи туман ветеринария ва чорвачилик бўлими томонидан доимий назоратга олинадиган бўлди. Шубҳа йўқки, қўй-қўзилар бу хонадонларга барака бўлиб инади. Зеро, муборак ҳадисларда айтилганидек, “Уйда боқиладиган бир қўй бир барака, икки қўй икки барака, уч қўй уч барака”.
