«Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган «Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати» талабларига мувофиқ тўлдирилган декларациялар таҳлил қилинганда 18 та масъул ходимда манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланган.
Бу ҳақда «Ўзкимёсаноат» АЖ Комплаенс хизмати томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида 2022 йилнинг I чораги давомида амалга оширилган ишларга бағишланган брифингда маълум қилинди.
Хусусан, «Максам-Чирчиқ» АЖда 7 та, «Навоийазот» АЖда 5 та, «Фарғонаазот» АЖда 4 та, «Деҳқонобод Калий Заводи» АЖда 1 та ҳолатда ўзаро яқин қариндошлар бевосита қўл остида ёки раҳбарлигида ишлаши натижасида вужудга келган манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан жамиятлар бошқарув раисларининг кўрсатмасига асосан манфаатлар тўқнашувини олдини олиш чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, меҳнат муносабатларида қонун бузилиш ҳолатларини ўрганиш мақсадида жорий йилда жами 18 та хизмат суриштируви ўтказилган. Натижалари бўйича тегишли хулосалар тайёрланиб, айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган. Жумладан, 6 нафар масъул ходимга ҳайфсан, 4 нафар ходимнинг иш ҳақидан жарима, 8 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 7 ҳолат бўйича ишлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқ тартибот органларига юборилган.
«Ўзкимёсаноат» АЖ ва тизим корхоналари томонидан жами 2885 та шартномалар тузилган. Мазкур тузилаётган шартномаларни ташаббускор томонидан контрагентларни ўрганиш орқали унинг ишончлилиги, молиявий барқарорлиги, давлат амалдорлари билан алоқадорлиги, манфаатлар тўқнашуви мавжудлигини текшириш орқали бўлиши мумкин бўлган хавфларни камайтириш ишлари 819 та шартномада амалга оширилган.
Яна бир маълумот, тизим корхоналарида жами 1,6 млрд. сўмлик товар моддий бойликлари камомади аниқланган. Бу ҳолатлар бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
«Ўзкимёсаноат» АЖда коррупцияга қарши талаблар ва ахлоқий меъёрларга ва қонун ҳужжатларига қатъий амал қилишга доир бевосита жамият бошқаруви раиси томонидан битта тадбир ўтказилган ва унда тизим корхоналарида мазкур соҳадаги камчиликлар қайд этилиб, тегишли топшириқлар берилган.
Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилган тушунтириш ишлари ва тадбирлар натижасида қуйидаги коррупцион хавф-хатарлар олди олинди ва тегишли таъсир чоралари кўрилиши таъминланди. Жумладан, «Деҳқонобод Калий заводи» АЖда 0,5 Га ерни вақтинча фойдаланишга беришда манфаатлар тўқнашуви олдини олиш билан бирга «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларига зид бўлган битим тузишнинг олди олинди.
Тизим корхоналарида жами 584,3 млн. сўмлик товар моддий бойликлари талон-торож қилиниши олди олинди ва айбдор шахсларга ички тартиб қоидалар асосида интизомий чоралар кўрилди.
«Максам Чирчиқ» АЖ ва «Ўзкимёимпекс» МЧЖда харидларни очиқ ва шаффофлигини таъминлаши натижасида жами 974,0 млн. сўм маблағларни иқтисод қилинишига эришилган.
Жорий йилда жамият ва тизим корхоналари ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида комплаенс хизмати ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари иштирокида жами 70 та тушунтириш-профилактик тадбир амалга оширилган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА