18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни
Самарқанд сўзининг жарангларида, оҳангларида бир сир бор, сеҳр, қудрат бор.
Самарқанд сўзининг жарангларида, оҳангларида бир сир бор, сеҳр, қудрат бор. Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд тарих зарварақларида дунё гўзалликларини ўзида жо қилган юрт.
Самарқанд қадимдан йирик илм-фан, маданият, маърифат маркази бўлиб келган. Бу заминдан дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар етишиб чиққан. Мусаффо табиати, муқаддас қадамжолари ва меҳмондўст инсонлари билан дунё нигоҳида бўлган. Шунинг учун жаҳон аҳли доимо унга интилади, шаҳарга ташриф буюриш шарафига муяссар бўлган ҳар бир инсон бу кўҳна заминга бир умр мафтун бўлиб қолади. Айниқса, “ер юзининг сайқали“ деб тан олинган, буюк соҳибқирон Амир Темур бирлаштирган давлат пойтахти бўлган машҳур Самарқанднинг кўзгуси ҳисобланган “Регистон” майдони улуғворлиги, мафтункорлиги билан ҳар бир инсонни лол қолдиради.
Салкам 3 минг йиллик тарихга эга бўлган Самарқанд шаҳри мустақиллик йилларида янада обод ва кўркам бўлди. Мустақиллик туфайли зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжоларнинг асл шуҳрати қайта тикланди, обод масканларга айлантирилди. Унинг қайси бир гўшасига назар солсангиз, улкан яратувчилик ва бунёдкорлик ишларига кўзингиз тушади.
Самарқанд “ер юзининг сайқали” деб юритилиши бежиз эмас. Самарқанд хизр назар солган, дуо кетган юрт!
Маълумки, 1996 йилдан бошлаб 18 октябрь “Самарқанд куни“ сифатида кенг нишонланади. Ушбу кунда шаҳар ўзгача шукуҳ таратади.Шаҳарнинг ҳар бурчакларида байрам кайфияти кезиб юради.
18 октябрь – Самарқанд куни муносабати билан Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида “Кечаги Самарқанднинг бугунги манзараси” номли фотокўргазма ташкил этилди. Мазкур фотокўргазмада музей-қўриқхона фондида сақланаётган Самарқанднинг ўтмиши ва бугуни акс этган фото лавҳалар намойиш этилмоқда.
Музей-қўриқхона фондида сақланаётган, кўҳна Самарқанднинг муқаддас қадамжолари, зиёратгоҳлари тасвирланган қарийб бир асрлик бу фотоасарлар мана яна бир бор тилга кирмоқда.