18 октябрь – Озарбайжон Республикасининг Мустақиллик куни
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Эрксизликда ўтган ҳар бир дақиқанинг азоби оғир, машаққати кўп. Озарбайжонликлар ўз ҳудудий сарҳадлари дахлсизлиги, эрки ва дини учун узоқ вақт курашди. Бу йўлда заҳматкаш халқ жуда кўп синовларга дуч келди, йўқотишларга рўбарў бўлди.
Лекин ҳар қандай кечмишларда ҳам озод бўлиш, мустақил юртга айланиш орзуси ўлмади. Яшади, яшайверди.
Бундан роппа-росса 101 йил аввал, аниқроғи 1918 йил 28 май куни Озарбайжон Демократик Республикаси ташкил топди. Мусулмон Шарқида биринчи дунёвий давлат дунёга келди.
“Озарбайжон мустақиллик декларацияси”да мамлакат мустақиллиги расмий эълон қилинди. Шубҳасиз, мазкур сана Озарбайжон тарихида ёрқин ва шонли саҳифа бўлиб муҳрланди. Аммо маълум тарихий сабабларга кўра, ОДР атиги 23 ой умр кўрди.
Бироқ мана шу қисқа давр бугунги мустақил Озарбайжон учун кучли пойдевор бўлди. Озарбайжон ССР Олий Кенгашининг 1991 йил 18 октябрида ўтган сессиясида “Озарбайжон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида”ги конституцион акт қабул қилинди.
Шу тарзда Озарбайжон ўз мустақиллигини тиклади. Озарбайжоннинг миллий рамзлари – байроқ, герб ва мадҳияси қайта тирилди. Шундан буён халқаро сиёсат майдонида Озарбайжон суверен республикаси ўз ўрни, ўз овозига эга бўлиб келмоқда.
– Биз, Ўзбекистонда яшаётган озарбайжонликлар ўша вақтдан буён мустақиллик байрамимизни шу юртда эмин-эркин, катта шодиёналар билан нишонлаб келаяпмиз, – деди Озарбайжон миллий маданият маркази фаоли Исмоил Ҳамидов. – Бу кунда ўзбек биродарларимиз қувончимизга шерик бўлиши янада ёқимли. Биз ўзбек халқининг бир бўлагимиз. Маконимиз, Ватанимиз – Ўзбекистон. Бу катта бахт. Мен мана шундай бағрикенглик, мустаҳкам дўстлик учун ўзбек халқига, Ўзбекистон ҳукуматига миллатдошларим номидан миннатдорлик изҳор қиламан.
Озарбайжон урф-одатлари, қадриятлари, санъат ва маданияти Ўзбекистон аҳли учун ҳам қадрли. Масалан "Аршин мол-алан", "Қайнона" фильмлари ҳар бир ўзбек оиласи учун севимли. Икки суверен биродар мамлакатлар – Озарбайжон ва Ўзбекистон ишончли дўст, яқин ҳамкор. Бундай азалий ришталар абадий бўлиши шубҳасиз.