Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун
15:24 / 2021-11-18

Доимо баландларда ҳилправер байроғим!

Давлатимиз рамзлари кучли тарбия воситаси сифатида ёшларимизнинг миллий ғурурини юксалтиришга, уларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Ана шундай рамзлардан бири мамлакатимизнинг давлат байроғидир. Доимо ўзбек халқининг шон-шарафи ва ғуруридек юксакларда ҳилпираб турган байроғимиз 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси "Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган кундан бошлаб давлат суверенитетининг рамзига айланди.

Ўттиз йилдирки, давлат байроғимиз Ўзбекистон делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, давлатимизнинг чет эллардаги элчихоналари ва халқаро ташкилотлардаги ваколатхоналарида, халқаро конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида, юртимиздаги барча расмий идораларда озод ва обод Ватанимиз тимсоли сифатида баланд ҳилпирамоқда.

Айниқса, ҳар бир соҳа каби спортчиларимиз Олимпия ва Осиё ўйинларида, қитъа ҳамда жаҳон чемпионатларида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ҳамиша  байроғимизни баланд кўтармоқда.

Бугун юртимиз фахри ва ифтихорлари бўлган спортчи ва мураббийларимиз юрт байроғини кўтарганда қалбидан қандай туйғулар барқ ургани ҳақида қуйидагича фикр билдиришди.

– Ҳар сафар нуфузли мусобақаларда давлатимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганида Ўзбекистон фарзанди эканимиздан дилимизда чексиз фахр туямиз, – дейди оғир атлетика бўйича Олимпия ўйинлари олтин медаль соҳиби Акбар Жўраев. – Давлатимиз байроғини доимо баланд тутиш бизнинг ҳам спортчи, ҳам Ватан ҳимоячиси сифатидаги муқаддас бурчимиздир. Бу туйғу бизга улкан ғайрат-шижоат бағишлайди, янгидан-янги ғалабалар сари руҳлантиради.

– Токио шаҳрида ўтган Олимпия ўйинларида ғалабам шарафига Ватанимиз байроғи кўтарилганда шундай юртда туғилиб, вояга етаётганимдан ғурурланиб кетдим, – дейди таэквондо (WT) ғолиби Осиё чемпиони Улуғбек Рашитов. – Халқаро майдонлардаги ғалабаларимиз мамлакатимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши, иқтидорини намоён этиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир. Насиб этса, келгусида ҳам жаҳон ва қитъа чемпионатлари Осиё ўйинларида ҳам юртимиз байроғини янада кўкларга кўтараман.

– Ҳар бир спортчи жаҳон чемпиони бўлишни, Олимпия ўйинларида юрт байроғи остида шоҳсупага кўтарилишни орзу қилади, – дейди. Таэквондо бўйича мураббий Жасур Бойқўзиев. – Ўзим етишмаган орзулар рўёбини шогирдларим ғалабалари тимсолида кўришимга ишонаман. Чунки бугун мамлакатимизда чемпионларнинг янги авлоди камолга етмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида спортни ривожлантиришга, иқтидорли ёш спортчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган улкан эътибор туфайли Ўзбекистон ўғил-қизлари ҳеч кимдан кам эмаслигини, ҳар қандай соҳада энг юқори чўққиларни забт этишга қодир эканини амалда исботламоқда.  

– Ҳар бир спортчи халқаро майдонларда ўз Ватани байроғини баланд кўтаришни орзу қилади, – дейди бокс бўйича амалдаги Олимпия ўйинлари ғолиби Баҳодир Жалолов. – Ҳар доим халқаро спорт мусобақаларига отланганимизда давлатимиз байроғини ёнимизда олиб кетамиз, мусобақада ғалаба қозониб, миллий байроғимиз кўтарилганда қалбимиз чексиз ғурур ва ифтихорга тўлади.  Халқаро мусобақаларда ғалабамиз шарафига Ватанимиз байроғи кўтарилганда, қалбимизни чулғаб оладиган чексиз ғурур ва ифтихорни сўз билан ифодалаб бўлмайди, бундай ҳаяжонли лаҳзалар бизни янада улкан зафарлар сари чорлайди.

Ҳа, бугун спортчиларимиз юрт ифтихори, фахримиз бўлган байроғимизни баланд кўтармоқда. Бу эса мамлакатимизда аҳоли ўртасида спорт ва жисмоний тарбияни янада оммалаштириш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиш борасида олиб борилаётган ишлар самарасидир.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА