Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
18 нафар ҳоким ёрдамчиси жавобгарликка тортилди
18:11 / 2023-12-27

Маълумки, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида тижорат банклари томонидан кредитларни Ягона электрон платформа орқали ажратиш тартиби белгиланди.

Шунга кўра, ҳоким ёрдамчиси қарз олувчининг аризасига асосан жойига чиққан ҳолда, унинг фаолият тури бўйича шарт-шароитлари, имконияти ҳамда етарли кўникмаси мавжудлигини ўрганиб, ўрганиш натижаси бўйича фото ҳисобот ва қарз олувчининг харитадаги жойлашувини илова қилган ҳолда кредит ажратиш учун тавсиянома ёки кредит ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосани 5 иш куни мобайнида Ягона электрон платформага жойлаштириши белгиланган.

Бизнес-омбудсман ахборот хизматининг маълумотига кўра, айрим ҳоким ёрдамчилари томонидан тадбиркорларнинг аризалари белгиланган муддатда кўриб чиқилмагани улар ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўлган.

Жумладан, Косонсой туманида фаолият юритувчи “Fayz” МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбарининг Ягона электрон платформа орқали йўллаган 300 млн. сўм кредит ажратиш ҳақидаги аризаси тегишли маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси томонидан белгиланган муддатдан 35 кундан сўнг кўриб чиқилиб, тадбиркорлик субъектининг қонун ҳужжатлари билан берилган ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилган.

Бу борада Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, 40 дан ортиқ тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйгани аниқланиб, Наманган вилоятидаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг 18 нафар ҳоким ёрдамчиларига нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилиши таъминланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА