Тошкент давлат иқтисодиёт университетида афғон аёллари учун касбий таълим ва малака ошириш дастурининг битирув маросими бўлиб ўтди.
Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастури Минтақавий лойиҳасининг Ўзбекистондаги раҳбари Улуғбек Камолиддинов:
–Биз таълим ва малака оширишга қаратилган кўплаб лойиҳалар устида ишлаймиз. Бу ташаббуслар маҳаллий ташкилотлар ва олийгоҳлар ҳамкорлигида татбиқ этилади.
Бугунги тадбир Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан амалга оширилаётган “2-босқич: Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда таълим ва малака ошириш орқали афғон аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” минтақавий лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Тадбирда ТДИУ ректори Тўлқин Тешабоев, БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлик бўлими раҳбари Вим Риепман иштирок этди. Улар ўз чиқишларида афғон аёлларини қўллаб-қувватлаш ва уларни иқтисодиётга интеграция қилиш мазкур лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири эканини таъкидлади.
Мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичида 18 нафар афғонистонлик хотин-қиз ўзбек тили курслари ва асосий фанлар бўйича тайёргарлик сабоқларини муваффақиятли якунлади. Бу эса уларга ТДИУнинг агрономия ва агробизнес йўналишларида таҳсил олиш имконини яратди.
Ўқиш давомида талабалар нафақат касбий билим ва кўникмаларга эга бўлди, балки гендер ривожланиши, етакчилик ва карьера ўсиши бўйича махсус дастурларда иштирок этди. Улар Фарғона водийсида қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаб, ўз билимини янада бойитди.
Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, хотин-қизларнинг таълим олиши уларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу эса гендер тенглиги йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Бугунги маросим биз учун ҳам ишларимизнинг сарҳисоби бўлди. Унда биз битирувчиларга диплом ва малакасини тасдиқловчи сертификатлар топширдик.
Ўйлаймизки, битирувчилар лойиҳа доирасида орттирган билимларини амалиётда қўллаб, жамият ҳаётида ўз ўрнини топади ва катта ютуқларга эришади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди