Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
18 миллион сўмлик “пақилдоқ"лар тўхтатиб қолинди (+видео)
11:58 / 2023-12-29

Янги йил арафасида пиротехника воситаларининг ёқимсиз шовқини авж ола бошлайди. Бироқ қулоқни қоматга келтирадиган, бир лаҳзалик “завқ” ортидан ташвишли ва ҳаттоки қайғули ҳолатлар юз бериши, катта-ю кичик азият чекиши, ҳатто бутун умрга ногиронликка учраши табиий.

Мамлакатимизда пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, республика ҳудудига олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган. Бироқ шундай бўлишига қарамай айрим “уддабурон”лар қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган нормаларни менсимай, янги йил яқинлашгани сайин пиротехника воситаларини республикамизга олиб киришга уринмоқда.

Наманганда пиротехника буюмларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тезкор тадбирлар ўтказилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, чегара ва олис, тоғолди ва тоғли ҳудудлар, марказий дехқон ва буюм бозорлари, маданият ва истироҳат боғлари, умумтаълим мактаблари, маҳаллалар, жамоат жойларида пиротехника буюмлари ноқонуний муомаласининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар уюштирилмоқда.

Хусусан, водий вилоятларини пойтахтимиз билан боғловчи катта магистрал йўл – Қамчиқ довони ҳудудида тун вақтида вилоят Ички ишлар бошқармаси “Наманган” йўл патрул хизмати масканида довон бўйича ЙПХ отряди иккинчи сафарбарлик гуруҳи ҳамда вилоят ИИБ кинология хизмати томонидан ўтказилган рейд давомида “пақилдоқ”ларнинг “контрабандаси”га чек қўйилди. 

“Водий-Тошкент” йўналишида ҳаракатланиб келаётган оқ рангли “Isuzu” русумли 25 F 410 KA давлат рақам  белгили юк автомобили тўхтатилиб текширилганида,  2001 йилда Жиззах вилоятида туғилган ҳайдовчи О. С. М. бошқарувидаги ушбу транспорт воситаси юкхонасига ортилган қоплар ичида хорижда ишлаб  чиқарилган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган, 12 дона оқ қопда жами 95 дона “Новый  ВЕК” номли ва 4 минг 750 дона “Трения” номли пиротехника воситалари борлиги аниқланди. Ушбу хавфли буюмлар ноқонуний равишда Қўқон шаҳридан Самарқандга олиб кетилаётгани маълум бўлди. Қайд этиш керак, мазкур пиротехника воситаларининг тахминий нархи 18 миллион сўмга етади.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EAV_isz9DGc" title="" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Мазкур ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, портловчи воситалар Поп тумани ички ишлар бўлими жамоат хавфсизлиги хизмати инспекторларига топширилди.

Вилоятда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири