Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
18 май куни ҳолатига 2 минг 899 та маҳаллада сайловлар ўтказилди
16:08 / 2022-05-19

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликда Маҳалла раислари (оқсоқоллари) сайловини ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида матбуот анжумани ташкил этилди.

Маълумки, 2022 йил 16 март куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг томонидан “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, 2022 йилнинг май ойида ўтказиладиган сайловда 9 минг 349 нафар маҳалла раислари сайланиши белгиланди. 

Маълумки, маҳалла институти ўзини ўзи бошқариш органи сифатида маълум бир ҳудуддаги ижтимоий-сиёсий, маданий, диний ва бошқа масалаларда мустақил иш олиб борувчи ижтимоий тузилмадир. Шу боис маҳалла раислари (оқсоқоллари)ни халқ ичидан сайлаб олиш муҳим сиёсий жараён саналади. 

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, ҳар бир фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари — маҳалла, қишлоқ, овул ва шаҳарча фуқаролар йиғинларида маҳалла раиси сайлов орқали лавозимга қўйилади.

Мазкур қонунга мувофиқ, фуқаролар йиғини раиси(оқсоқоли)ни сайлаш ҳуқуқига сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек, шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар эга бўлади. 

Сайловни ошкоралик, тенглик ва шаффофлик тамойилларига амал қилган ҳолда юқори савияда ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг қарорлари билан 14 та кўмаклашувчи комиссиялари тузилди, тадбирлар режалари тасдиқланди. Комиссиялар таркибларига 357 нафар идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари, депутатлар ва жамоатчилик вакиллари жалб этилди. Шунингдек, Халқ депутатлари туман(шаҳар)лар кенгашларининг қарорлари билан 207 та кўмаклашувчи комиссиялари тузилиб, тадбирлар режалари тасдиқланди. Ушбу комиссиялар таркибларига ҳам 3 минг 952 нафар идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари, депутатлар ва жамоатчилик вакиллари бириктирилди. 

Жорий йилнинг 16 май санасидан бошлаб маҳалла раиси (оқсоқоли) сайлови бошланди. Май ойида 9 минг 349 нафар маҳалла раислари сайловини юқори савияда ўтказиш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда.  

Маҳалла раислари лавозимига кўрсатилган 39 минг 661 нафар номзодлар билан суҳбатлар ўтказилиб, бошқарув кўникмалари ва обрўга эга бўлган 26 минг 910 нафар номзодлар танлаб олинди. 18 май куни ҳолатига кўра, сайловлар 2 минг 899 та (31%) маҳаллада 7 минг 329 нафар тавсия этилган номзодлар ва 609 минг 906 нафар вакиллар иштирокида ўтказилди.  

Ушбу сайловларда 2884 нафар маҳалла раиси сайланди. Сайланган раисларнинг 1603 нафари (55,6%) биринчи маротаба, 1281 нафари (44,4%) амалдаги раисларни ташкил этади. 

Андижонда 71,1 фоиз Жиззахда 70,9 фоиз, Сирдарёда 70,5 фоиз, Хоразмда 64,2 фоиз, Қашқадарёда 64 фоиз, Тошкент вилоятида 60,7 фоиз раислар биринчи маратоба сайланган. Нукус, Шуманай, Улуғнор, Хатирчи туманлари, Ширин шаҳрида 100 фоиз раислар биринчи маратоба сайланган. Раисларнинг 311 нафари аёллардан, 126 нафари маҳаллий кенгашлар депутатларидан иборат. 

Ижтимоий тармоқларда сайловлар билан боғлиқ 80 дан ортиқ  тарқатилган маълумотларга расмий муносабатлар билдирилди. Маҳалла раислари лавозимига сайлов жараёнлари давом этмоқда. 

Н.Усмонова, ЎзА