Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
18 декабрь – Халқаро муҳожирлар куни
21:59 / 2023-12-18

2000 йил 4 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 18 декабрни Халқаро мигрантлар куни деб эълон қилди. 1990 йил худди шу куни Бош Ассамблея томонидан “Барча меҳнаткаш мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги халқаро конвенция қабул қилинди.

“Миграция” ва “мигрант” атамалари кенг қўлланишига қарамай, бугунги кунгача айни атаманинг ягона талқини мавжуд эмас. Масалан, Миграция бўйича халқаро ташкилот таърифича, миграция – инсоннинг одатий яшаш жойидан халқаро чегара орқали ёки давлат чегараси ичида кўчиб ўтишидир.

Дунё бўйича мигрантлар сони ҳозир 300 миллионга яқинлашган, бу дунё аҳолисининг 3,6 фоизига тўғри келади. Уларнинг 135 миллиони аёллар, 146 миллиони эркаклар.

1970 йил дунёда 84 миллионга яқин мигрант бор эди, 1990 йил улар сони 153 миллионга етди, сўнгги 50 йил ичида ушбу рақам уч баробар кўпайди. Эътиборлиси, ички миграция кўлами ташқи миграцияга қараганда анча кенг.

Кўпчилик ишсизлик, маиший муаммо, таълим шароити каби сабабларга кўра, миграция қилишга мажбур бўлмоқда. Баъзилар ҳарбий тўқнашув, таъқиб, табиий офат ёки бошқа фожиали ҳодиса туфайли ўз уйи ёки мамлакатини тарк этмоқда.

Аксарият мигрантлар Европа (87 миллион) ва Осиёда (86 миллион) истиқомат қилади. Сайёрамизнинг бу икки минтақасига дунёдаги барча мигрантларнинг 61 фоизи тўғри келади. Кейинги ўринда Шимолий Америка – 20,9 фоиз.

Мигрантлар сони энг кўп ўсган минтақа – Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида миқдор сўнгги йилларда икки баробар кўпайиб, қарийб 15 миллионга етди. Океанияда 9 миллион ёки барча мигрантларнинг 3,3 фоизи истиқомат қилади.

2019 йил дунё бўйлаб қарийб 169 миллион меҳнат мигранти бор эди, бу дунёдаги барча мигрантларнинг учдан икки қисми ёки 62 фоизини ташкил этади. Дунё бўйлаб мигрантларнинг 78 фоизи меҳнатга лаёқатли 15-64 ёшли кишилар. Ўшанда меҳнат муҳожирлари орасида эркаклар 98,9 миллион кишини, аёллар 70,1 миллион кишини ташкил этган. 102,4 миллион ёки жами меҳнат мигрантларининг 61 фоизи уч минтақа – Шимолий Америка, Араб мамлакатлари, Шимолий, Жанубий ва Ғарбий Европада истиқомат қилади.

М.Пирматова, ЎзА