Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
18 апрель — Жаҳон мероси куни
18:00 / 2022-04-18

“Тарихий обидалар асрлар савдосига айланган вақт ва тарихнинг бебаҳо ёдгорлигидир”

Бутун дунёда ҳар йили 18 апрель - Халқаро ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойлар куни “Тарихий ватанимизни асраймиз” шиори остида нишонланади.

Жаҳон мероси куни сифатида ҳам танилган бу кун 1982 йили ЮНЕСКОнинг ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш халқаро кенгаши (ICOMOS - International Council on Monuments and Sites) томонидан таъсис этилган.

Мазкур сана 1984 йилдан буён жаҳон маданий меросини асраб-авайлаш ва шу масалага жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида нишонлаб келинмоқда.

1965 йил ташкил этилган “ICOMOS” дунёнинг 151 мамлакатидан 10 мингга яқи индивидуал аъзо ва 28 халқаро илмий қўмитани бирлаштирган. тузилманинг маданий меросни сақлаш ва асраб-авайлаш фаолияти 1964 йилда ёдгорликлар ва тарихий обидаларни муҳофаза қилиш, қайта тиклаш халқаро Хартияси (Венеция Хартияси) томонидан қабул қилинган тамойилларга асосланади.

Маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича асосий ҳужжат 1972 йилда ЮНЕСКО Бош сессиясида қабул қилинган ва 1975 йил декабрда кучга кирган “Жаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги конвенциядир. Конвенцияга аъзо давлатлар ўз ҳудудидаги маданий, табиий меросни муҳофаза қилиш, сақлаш ва келажак авлодга етказишни таъминлаши шарт.

2021 йил ҳолатига кўра Жаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги ЮНEСКО конвенциясига аъзо 167 давлатда ўз идентификация рақамига эга 1154 объект мавжуд. Шулардан 897 таси маданий, 218 таси табиий ва 39 таси аралаш.

Бугунги кунда мамлакатимиз моддий ва номоддий маданий мерос объектлари муҳофазаси бўйича салмоқли ишлар амалга ошириляпти. Айни пайт Ўзбекистон 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлиб кирган ЮНEСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатидан мамлакатимиздаги 4 та меъморий мажмуа – Бухоро шаҳри тарихий маркази, Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси, Ичан қалъа мажмуаси, Шаҳрисабз шаҳри тарихий маркази жой олган.

ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига эса бизнинг 8 мумтоз меросимиз - Бойсун маданий макони, Шашмақом мумтоз мусиқаси, Катта ашула, Аския санъати, Наврўз, Палов маданияти ва анъаналари, Марғилон ҳунармандликни ривожлантириш маркази: адрас ва атлас тикиш, Хоразм рақси – Лазги) киритилган.

“Ҳаракатлар стратегияси” ва “Тараққиёт стратегияси”да ўлкамизнинг маҳаллий объектларини ЮНEСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Ушбу мақсадларга эришиш бўйича 2030 йилга қадар белгилаган режа Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 мартдаги 119-сонли қарори 5-иловасида келтирилган. Ҳужжатда жаҳон мероси рўйхатига 20 та, Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига 5 та ва Жаҳон хотираси дастури халқаро рўйхатига 5 та элемент киритилиши режалаштирилган.

Ҳозир Европада ҳам тарихий-маданий ёдгорликлар, обидаларни ҳимоя қилиш жадал тус олган. Масалан, Францияда олиб борилган археологик қазишмалардан сўнг монументал ҳудудлар ландшафтида реставрация жараёнига киришилди.

Англия шимолида эса Рим императори Адриан буйруғи билан империянинг шимолий чегараларини ҳимоя қилиш мақсадида қурилган ва 117 километрга чўзилган Адриан девори, деярли, бутун сақланган.

Умуман, Жаҳон мероси куни халқимиз, давлат идоралари вакиллари эътиборини турли маҳаллий ва тарихий обидаларни, маданий мерос намуналарини асраб-авайлашга яна бир бор қаратиш имкониятидир.

Мазкур сана муносабати билан маданий меросни асраб-авайлашга бағишланган турли анжуманлар, давра суҳбатлари, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ўтказилади. Шу куни худди Халқаро музейлар кунидаги каби айрим музей ва кўргазма залларига бепул кириш мумкин.

Ҳатто, оддий кунларда ёпиқ турадиган меъморий мажмуалар, тарихий биноларни зиёрат қилиш имкони ҳам бор.

Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА