Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
176 мингдан зиёд оммавий спорт тадбирида 4,3 миллион аҳоли қатнашди
11:33 / 2021-02-17

Мамлакатимизда аҳолини жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш мақсадида сўнгги йилларда бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланаётганларнинг сафи кун сайин ортиб бормоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аҳолини жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ва бу орқали саломатлигини янада мустаҳкамлаши учун замин яратди.

Жумладан, ўтган 2020 йилда республиканинг барча туман ва шаҳарларида “Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам” шиори остида пиёда юриш акциялари ўтказилди. Ушбу акцияларга ўртача 560 мингдан зиёд аҳоли жалб этилди. Шунингдек, югуриш, юриш, велоспорт, бадминтон, стритбол, воркаут ва бошқа спорт турлари бўйича жами 176 мингдан зиёд оммавий спорт тадбири ташкил этилиб, ушбу мусобақаларга 4,3 миллион аҳоли жалб этилди.

Аҳоли ўртасида енгил атлетика спорт турини, жумладан, оммавий югуришни тарғиб қилиш мақсадида “Samarkand Half Marathon”,“Янги нафас”, “Save Aral”,“Tashkent Marathon” марафон ва яриммарафони мусобақалари ўтказилди ва уларда 60 мингдан зиёд фуқаро иштирок этди.  

2020 йил давомида жами 49 минг 275 та спорт мусобақаси ўтказилиб, уларга 10,3 миллондан ортиқ аҳоли, шундан 3,5 миллондан ортиқ хотин-қизларнинг иштироки таъминланди.

Шунингдек, ҳар бир маҳалла ёшларини қамраб оладиган футбол бўйича “Чарм тўп” ҳамда ишчи ходимлар ўртасида “Бош вазир кубоги”, “Ҳоким кубоги”, “Раҳбар кубоги” каби 2 800 га яқин спорт мусобақаси ўтказилиб, уларга 640 мингдан ортиқ киши қатнашди. 2020 йилда тасдиқланган спорт ҳафталиклари доирасида эса жами 24 мингга яқин тадбир ўтказилиб, уларга 2,8 миллион нафарга яқин аҳоли жалб қилинди.

"Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш" шиор остида республика бўйлаб 2020 йилнинг ноябрь ойида маҳаллабай бўйича ўтказилган тарғибот тадбирлари доирасида 13.112 та спорт тадбири ўтказилиб, уларда 750 мингдан ортиқ ёшлар (290 мингдан ортиғи қизлар) иштирок этди.

Аҳоли ўртасида 23 мингга яқин соғломлаштириш (эрталабги бадантарбия) тадбирлари ўтказилиб, уларга 2,3 миллионга яқин аҳолининг турли қатламлари жалб қилинди.

Бу каби тадбирлар жорий йилда ҳам ўтказилиши бўйича бир қатор вазифалар белгиланган.  

Жумладан, 2021 йил давомида жойларда 50 мингдан зиёд оммавий спорт тадбири ўтказилиб, ушбу тадбирларга уюшмаган ёшларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилади. Натижада спорт билан шуғулланувчи ёшлар сони 2,7 миллиондан 3 миллионга етказилади. Умумтаълим мактабларида “Биз билан бажар, биздек бажар, биздан яхшироқ бажар!”, синфлараро “Қувноқ стартлар” телевизион спорт мусобақалари, “Умумтаълим мактаб спорти” фестивали, “Жисмоний тайёргарлиги ривожланган муассаса”кўрик-танловлари ташкил этилади.

Жорий йилнинг январь ойидан аҳоли ўртасида “Спортни сев, спорт билан яша”шиори остида спортнинг бадминтон, стол тенниси, волейбол, баскетбол, мини футбол, шахмат ва шашка турлари бўйича спорт мусобақаларини маҳаллабай тизими асосида манзилли ўтказиш йўлга қўйилди.

Бу каби мусобақалар 12 ой давомида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида спортнинг 6 та туридан  2 мартадан ташкил этилади. Ушбу спорт тадбирлари 3 босқичда 9155 та маҳаллада ташкил этилиб, унда 8,6 миллион нафар аҳоли қамраб олинади.

Шунингдек, Маҳалла ёшлари ўртасида футбол бўйича “Маҳаллада футбол”, “Футболимиз келажаги”, “Чарм тўп”, ҳудудлар кесимида барча корхона ва ташкилотлар, давлат муассасалари ходимлари ўртасида “Бош вазир кубоги”, “Ҳоким кубоги”, “Раҳбар кубоги”футбол мусобақаларини тизимли ўтказилиши давом эттирилади, уларга 650 мингдан ортиқ ҳаваскор спортчи жалб этилади.

Дарҳақиқат, бугунги пандемия даврида аҳолининг саломатлигини янада мустаҳкамлаш учун жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш энг муҳим вазифалардан биридир. Зеро, ҳар биримиз жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантиришимиз зарур.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА