Самарқанд вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-турда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 сентябрда қабул қилинган “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
– Кейинги йилларда юртимиз таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, ўзгаришлар ўрта-махсус таълим соҳасида ҳам ўз аксини топди, – деди Самарқанд вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Насимов. – Таълимнинг ушбу бўғинида ўқув жараёни халқаро стандартларга мувофиқлаштирилган дастурлар асосида ташкил этиладиган уч тоифадаги таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. Вилоятимизда ҳам шу пайтгача фаолият кўрсатган 167 касб-ҳунар коллежи ўрнида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, 74 таълим муассасаси, яъни 37 касб-ҳунар мактаби, 15 коллеж ва 22 техникум иш бошлади.
Касб-ҳунар мактабларида таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичининг 3-даражасига мос келувчи 2 йиллик таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчилари бошланғич профессионал таълим олади. Бу муассасаларда устувор йўналиш сифатида оилавий бизнес, томорқа бизнеси, қурилиш, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик каби иқтисодиётимизда муҳим ўрин эгаллаган 200 дан ортиқ ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрланади.
Бу йил вилоятдаги 37 касб-ҳунар мактабига 634 та корхона ва ташкилотларнинг буюртмалари асосида 48 касб бўйича 8398 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактабларга аввало, кам таъминланган оилалар фарзандлари қабул қилиниб, уларда тадбиркорликка, пировард натижада даромад олишга йўналтирувчи билим, малака ва кўникмалар ҳамда компетенциялар шакллантирилади.
Коллежларда эса таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичининг 4-даражасига мос келувчи, касбларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, 2 йилгача бўлган муддат давомида ўқитишга мўлжалланган таълим дастурлари асосида ўрта профессионал таълим мутахассислари тайёрланади.
Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар тасарруфида фаолият кўрсатадиган ва шу соҳадаги аниқ иш ўрни учун мутахассислар тайёрлайдиган ушбу коллежларга мактабларнинг 11-синф битирувчилари қабул қилинади.
Коллежларда Германия тажрибасида яхши самара берган “дуал” таълим принциплари жорий этилади: ўқувчилар ҳафтанинг маълум кунларида коллежда назарий билим олади, бошқа кунлари корхонанинг ўзида бириктирилган уста раҳбарлигида тўғридан-тўғри келажакда ишлайдиган иш ўрнида амалиёт ўтайди.
Учинчи тоифа — техникумларда таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи 5-даражасига мос келувчи, бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган, кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида 2 йилдан кам бўлмаган муддатга мўлжалланган таълим дастурлари асосида мактабнинг 11-синфини тугатган ёшлар ўқитилади. Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.
[gallery-480]
Бу тизим олий маълумот олиш ниятида бўлган кўп сонли мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини яқин келажакда 50-60 фоизга етказиш учун хизмат қилади.
2020/2021 ўқув йили учун 20 ноябрдан 30 ноябрга қадар вилоятдаги 13 коллеж ва 8 техникумда саралаш тест синовлари ўтказилди. 2 коллеж ва 12 техникумда эса ёзма имтиҳон шаклида касбий имтиҳонлар ташкил этилди. Ушбу синовлар натижалари асосида 22 минг нафардан ортиқ абитуриентлар ўқишга қабул қилинди.
Бугунги кунда вилоятдаги профессионал таълим муассасалари таълим-тарбия жараёнида 3424 нафар ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари иштирок этмоқда. Барча муассасалар зарур миқдорда компьютер техникаси, ўқув-лаборатория жиҳозлари, ўргатиладиган касблар бўйича асбоб-ускуналар билан таъминланган.
Пресс-тур қатнашчилари Самарқанд шаҳар касб-ҳунар мактаби фаолияти билан яқиндан танишди. 7 йўналиш бўйича 220 нафардан ортиқ ўқувчи касб-ҳунар ўрганаётган муассасадаги ўқув-ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Мактабимизда умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирган йигит-қизлар бугунги кунда эҳтиёж юқори бўлган тикувчилик, сартарошлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш, компьютер дизайнери, чилангарлик каби касблар бўйича ўқитилмоқда, – дейди Самарқанд шаҳар касб-ҳунар мактаби директори Шуҳрат Толибов. – Бу йўналишлар бўйича ҳеч ким мажбуран олиб келиниб, ўқитилмаяпти. Ҳамма ўз хоҳиши, келажакда танлаган йўлига қараб касб ўрганяпти. Масалан, мактабимиз жойлашган ҳудудда темирчилик яхши ривожланган. Ота-оналар фарзандларини олиб келиб, шу йўналиш бўйича ўқитиб беришни сўрайди. Ёки шу яқин атрофда бир неча трикотаж фабрикалари борлиги учун қизларимиз тикувчик йўналишини танлаб, шу ҳунарни пухта ўрганяпти. Икки йил давомида ўқиб, касб бўйича мутахассис бўлганидан сўнг улар шу соҳада меҳнат фаолиятини олиб боради.
Пресс-тур давомида келгуси йилларда таълимнинг мазкур бўғинида вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА