175 миллиард 831 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилди
Юзага келган қарздорликни суд тартибида мажбурий ундириш кўзда тутилган.
Амалдаги қонунларимизга кўра, муддатида тўланмаган қарздорлик ёки солиқ суммасининг тўлови кечиктирилган ҳар бир кун учун устама жарима (пеня) ҳисобланиши белгиланган. Юзага келган қарздорликни суд тартибида мажбурий ундириш кўзда тутилган.
Ўрнатилган бундай тартиблар жойларда кенг тушунтирилаётган бўлсада бироқ, ҳануз белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлашни пайсалга солаётган айрим жисмоний ва юридик шахслар ҳам бор. Масалан, “Сурхондарё Агросервис МТП“ масьулияти чекланган жамияти билан ҳам ана шундай ҳолат юз берди. Корхона солиқ тўловлари бўйича 295 миллион 659 минг сўм қарздор бўлиб қолди. Натижада юзага келган солиқ қарздорлигини мажбурий ижро бюроси ҳаракатлари билан ундиришга тўғри келди. Шеробод туманлараро иқтисодий судининг ижро варақасига асосан ижрочилар Термиз шаҳар солиқ инспекцияси фойдасига корхона ҳисобидан 128 миллион сўмдан ортиқ қарздорликни ундириб берди.
Маьлумотларга кўра, Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси билан вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамкорлигида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида хўжалик юритувчи субъектлардан 175 миллиард 831 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилган. Бу жараёнда ундирувни айрим қарздор корхоналарнинг мол-мулкига қаратишга ҳам тўғри келмоқда. Жумладан, Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди “Жанубсаноатқурилиш” инжинеринг компанияси хусусий корхонасидан туман Давлат солиқ инспекцияси фойдасига 69 миллион 544 минг сўм қарздорликни ундириш учун ижро варақаси чиқарган. Мажбурий ижро бюроси Қумқўрғон туман бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида хусусий корхонага тегишли техника воситаси хатланиб, “Электрон баҳолаш” масъулияти чекланган жамияти томонидан 180 миллион 619 минг сўмга баҳоланган. Айни пайтда мазкур техника бошланғич нарх билан “Электрон онлайн аукцион” савдосига чиқарилди. Шунингдек, мазкур суднинг бирлаштирилган ижро варақаларига асосан қарздор “Шердон ўғли Малла” машина трактор паркидан ундирувчи Қумқўрғон туман давлат солиқ инспекцияси фойдасига жами 145 миллион 620 минг сўмдан ортиқ солиқ қарзини ундириш учун туманнинг “Янгиқишлоқ”маҳалласи ҳудудида жойлашган қарздорга тегишли бино ва иншоотлар хатланиб, онлайн аукцион савдосига қўйилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларига иқтисодий судларнинг 18 минг 91 та солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари келиб тушган. Уларни ижро этиш бўйича тегишли ҳаракатлар давом эттирилмоқда.