Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда “Ўзйўлинспекция” ахборот хизмати раҳбари Комилжон Шамсиддинов йўл қурилиши соҳасида аниқланган қоидабузарликлар ва кўрилган қонуний чоралар ҳақида маълумот берди.
– “Ўзйўлинспекция” томонидан жорий йил 11 ойи давомида йўл қурилиши объектлари, сунъий иншоотлар (яъни кўприк ва йўл ўтказгичлар) ҳамда йўл-қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 5 минг 461 та объектда назорат ўтказилди, – деди К.Шамсиддинов. – Натижада 7 минг 617 та қоидабузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш учун буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи ва сақловчи ташкилотларга 4 минг 608 та бажарилиши мажбурий кўрсатма берилди. 7 ярим мингдан ортиқ қоида бузилиш бартараф этилди.
Таъкидланишича, инспекция томонидан 11 ой ичида 231 та ҳолат бўйича умумий суммаси 12 миллиард 249 миллион сўмлик умуман сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича буюртма берган ташкилотларга талабномалар киритилди. Шундан 9 миллиард 210 миллион сўмдан ортиқ 210 та талабнома ижроси таъминланди.
Йўл қурилиш объектларида қўпол равишда қоидабузилишларга йўл қўйган ва давлат инспекторлари томонидан берилган кўрсатмаларни муддатида бартараф этмаган мансабдор шахсларга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 99- ва 147-моддаларига кўра, 209 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судларга юборилди ва қарийб 292 миллион сўмлик жарима ундирилиши бўйича суд қарорлари қабул қилинди.
Инспекция томонидан 11 ой давомида 168 та автомобиль йўлларидаги кўприк ва йўл ўтказгичларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш объектларида 1340 марта назорат ишлари ўтказилди. Жараёнда аниқланган мингдан ортиқ хато-камчиликлар жойида бартараф этилди.
Аниқланган 541 та қоидабузилишни бартараф этиш бўйича буюртмачи, лойиҳачи ва пудратчи корхоналарнинг масъул ходимларига 241 та кўрсатма берилди. 9 ҳолатдаги жами 174,5 миллион сўмлик сифатсиз бажарилган ишлар молиялаштиришдан чиқарилди.
Объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларида аниқланган камчиликлар иш жараёнининг ўзида бартараф этилмоқда.
М.Қосимова,
ЎзА