Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
174,27 миллиард сўмлик танлов-тендер савдолари шаффоф ўтказилмаган
17:50 / 2023-11-22

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Адҳам Орипов журналистлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида қайд этиб ўтди.

Таъкидланишича, ҳудудий бошқарма  Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунлари талабларига риоя қилиниши бўйича  махсус ахборот порталидаги маълумотлар мониторинги, жисмоний ва юридик шахслар томонидан қилинган мурожаатлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хат ва талабномаларига асосан ўз ваколат доирасида жорий йилнинг 9 ойи давомида 1 минг 930 та лот, жами 1190,03 миллиард сўмлик танлов ва тендер савдоларида ўрганиш ишлари олиб борилган.  

Ўтказилган ўрганишлар давомида 246 та ҳолатда 174,27 миллиард сўмлик танлов-тендер савдоларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларини талабларига риоя қилинмаганлик ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.  

[gallery-14720]

Юқорида қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича ҳудудий бошқарма томонидан 50 та танлов-тендер савдолари бўйича иш қўзғатиш тўғрисидаги ажримлар чиқарилган ҳамда бошқарма махсус комиссияси томонидан тегишли қарор ва кўрсатмалар берилган. Мазкур қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 32 та мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган ва тегишли судларга юборилган.  

Ўрганиш натижалари таҳлил қилинганда асосан 185 та ҳолатда савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш, яъни танлов жараёнида иштирокчиларнинг маълумотлари нотўғри баҳоланган, 4 та ҳолатда савдо ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартнома тузиш, 57 та ҳолатда иштирокчилар ўртасида кафилланганлик ҳолатларига йўл қўйилган.  

Таҳлилларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатларининг аксарият қисми ободонлаштириш бошқармалари, соғлиқни сақлаш ҳамда мактабгача ва мактаб таълими тизими ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади.  

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари