174 нафар тиббиёт ходимларининг кечиктирилган таътил пуллари ундириб берилди
Андижон вилояти Марҳамат тумани адлия бўлими томонидан туман тиббиёт бирлашмасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши ҳамда меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилиши ҳолати юзасидан ўрганиш ва мониторинг ишлари амалга оширилди.
Мониторинг давомида тиббиёт бирлашмаси томонидан жорий йилнинг сентябрь ойи учун йиллик меҳнат таътилларига чиққан 174 нафар ходимга таътил пуллари вақтида тўлаб берилмаганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 148-моддаси 2-қисмида таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилиши белгиланган.
Шунга асосланиб, тиббиёт бирлашмаси бошлиғи номига қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилиб, жами 235 миллион сўм миқдоридаги таътил пуллари ҳисобланиб, тўлаб берилди.
Сардорбек Ҳамроев,
Марҳамат туман адлия бўлими бошлиғи