Миллий валютани қалбакилаштириш, муомалага киритиш қонуний жавобгарликни келтириб чиқаради. Буни ҳамма яхши билса ҳам нафс йўлида бундан қайтмайдиганлар учраб туради.
Зарафшонлик 17 ёшли йигитча қалбаки пул ишлаб чиқаришга жазм қилганида бунинг хато эканини билсада, ниятидан қайтмади. Унинг уринишлари иш берди ҳам. Бироқ қалбаки пуллар унинг эҳтиёжларига бир неча кунгина яради, холос. Боиси синчков сотувчилардан бири буни сезиб қолиб, ички ишлар бўлимига мурожаат қилди.
ИИВ хабарига кўра, тезкор қидирув натижасида қалбаки пуллар билан савдо қилган йигит қўлга олинди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 176- моддаси 1 ва 2- қисми ҳамда 25-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур модда “Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш” деб номланган бўлиб, ўтказиш мақсадида қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалар, шунингдек, қимматли қоғозлар ёхуд чет эл валютаси ёки чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар ясаш ёки уларни ўтказиш - икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Айнан шундай қилмиш хавфлироқ кўринишда содир этилса, тайинланадиган жазо ҳам оғирлашиб боради ва ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Н.Абдураимова, ЎзА