Сурхондарёлик 17 йил деганда фуқаролик паспортини олган Юлдуз Саидованинг қувончи чексиз.
Шўрчи тумани ички ишлар бўлими томонидан 33 ёшли Юлдуз Саидовага фуқаролик паспорти берилди.

— 1994 йил оиламиз билан Тожикистон Республикасидан Шўрчи туманининг “Қораариқ” маҳалласига кўчиб келганимизда 5 ёшда бўлганман, — дейди Юлдуз Саидова. — Шу ердаги мактабда таълим олдим, орзу умидларимнинг рўёби учун ҳаракат қилдим. Фақатгина, фуқаролик паспортим бўлмагани сабабли сайловларда иштирок этиш бахти мени четлаб ўтарди, олийгоҳда таҳсил олиш ниятим ҳам ўз вақтида амалга ошмади. Аммо, фуқаролик паспорт олишга, орзуларимни амалга оширишга бўлган иштиёқ менга тинчлик бермади. Мана, ниҳоят ниятимга етдим. Ўзбекистоннинг чинакам фуқаросига айландим. Энди барча ҳуқуқ ҳамда эркинликлардан тўлақонли фойдалана оламан. Фуқаролик мақомига эришганим, орзуларимнинг рўёби учун хизмат қилади.
Юлдуз Саидова қувонч кўз ёшлари ила фуқаролик паспортини қўлига оларкан, эшитилар-эшитилмас "Қадримни ифодаловчи бахтим, ҳаётим, эртанги куним, фахру ифтихорим”, дея дарров кўксига босди.
Аслида, бир инсоннинг кўнглига йўл топишнинг ўзи мураееаб иш. Бутун халқ дарду ташвишларига малҳам бўлиш, орзу-умидларига қанот бағишлаш эса ниҳоятда қийин ва айни дамда жуда улуғвор масъулиятдир. Мамлакатимизда эса ҳар бир инсоннинг кўнглига йўл топиш, муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Натижада Юлдуз каби юртдошларимизнинг юзи кулмоқда.
Нигина Шоева, журналист.