Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг технологик марказ сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, IT экспорти ва халқаро ҳамкорлик учун янги имкониятларни очувчи форумлар ташкил этилмоқда.
Форумга ташриф буюрган халқаро ташкилотлар юртимизда IT салоҳиятини чуқур ўрганиб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида турли шартнома ҳамда меморандумлар имзоламоқда.

Куни кеча Тошкент шаҳрида Рақамли технологиялар вазирлиги ва IT Park Uzbekistan томонидан ташкил этилган халқаро “Growth Point”: Ўзбекистон рақамли бизнес учун” форуми MDH давлатлари ҳамда бошқа минтақалардан етакчи IT компаниялар, BPO сектор вакиллари, рақамли агентликлар, жами 160 дан ортиқ вакилларни бирлаштирди.

IT Park Uzbekistan ҳудудида ташкил этилган форумнинг биринчи куни рақамли трансформация бўйича стратегик масалаларга бағишланди. Сессияларни рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос ва IT Park бош директори Абдулаҳад Қўчқоров очиб берди. Улар IT -экотизимини кенгайтириш ва хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлаш масалаларига урғу беришди.

Форум иштирокчилари ўз бизнесини Ўзбекистонда маҳаллийлаштирган компаниялар тажрибаси билан танишдилар.
Форум доирасида Давлат хизматлари маркази билан ҳамкорликда 5 та хорижий компаниянинг юридик шахслари рўйхатдан ўтказилди. Яна 12 та компания яқин орада ўз ваколатхоналарини очиш ва резидент мақомини олиш ниятида эканини тасдиқлади. Умуман олганда, форум якунларига кўра 17 та хорижий компания Ўзбекистонда ўз офисларини очишни режалаштирмоқда.
“Growth Point” форуми оддий мулоқот майдончаси бўлишдан ташқари, янги тараққиёт босқичининг бошланиш нуқтасига айланди. Ўзбекистон нафақат бизнес юритиш учун қулай муҳит яратмоқда, балки рақамли трансформацияларни бошқаришда ўз етуклигини ҳам намоён қилмоқда.
Н.Раҳмонова,
ЎзА