Ҳар йили 17 ноябрь – Халқаро талабалар куни сифатида бутун дунёда нишонланади. Бугунги кунда бу сана талабалар фаоллиги, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамиятдаги ўрни ва келажакдаги роли ҳақида ўйлашга ундайди.
Халқаро талабалар куни 1939 йилнинг 17 ноябрида Чехословакиянинг Прага шаҳридаги фожиали воқеалар сабабли юзага келган. Бу кун, асосан, талабаларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга бағишланган бўлиб, бутун дунёда талабалар ҳамжамияти учун аҳамиятли ҳисобланади.
1941 йилда Лондон шаҳрида ўтказилган Халқаро талабалар кенгашида 17 ноябрь “Халқаро талабалар куни” деб эълон қилинди.
Бугунги кунда бу кун талабаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва жамиятдаги ўрнига бағишланган халқаро байрам сифатида нишонланади.

Халқаро талабалар куни бу оддий тақвим санаси эмас. У талабаларнинг эркинлик учун кўрсатган жасорати, маърифат ва адолатни ҳимоя қилишдаги қатъий қарашининг рамзидир.
Бугунги талабалар нафақат илм эгаси, балки жамиятнинг янгиланиши, демократиянинг мустаҳкамланиши ва эркин фикрнинг давомийлиги учун масъул авлоддир.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА