ФОТОРЕПОРТАЖ
Талабалик – олтин даврим
Талабалик чексиз имкониятлар даври, улкан мақсадлар сари олиб борувчи, умримизнинг завқу шавққа тўлган энг гўзал палласидир. Бугун айни шу даврнинг сурурини мадҳ этган ҳолда Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтида “Талабалик олтин даврим” номли маданий кўнгилочар тадбир ўтказилди.
Тадбирда Тўрақўрғон тумани ҳокими А. Мансуров ҳамда институт ректори Р. Каримов сўз олиб, талаба-ёшларни ушбу кун билан қутлаган ҳолда, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёр эканликларини билдирди.
Институт ташкил топганига ҳали кўп вақт тўлмаган бўлсада, ҳозирда 1700 га яқин талаба ўқув машғулотларини намунали ўзлаштириш баробарида турли соҳаларда ҳам фаоллик кўрсатиб, яхши натижаларга эришиб келмоқда. Сана муносабати билан ана шундай йигит-қизлардан 75 нафари ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбирда талабалар томонидан ташкил этилган кўргазмалар, тасвирий санъат асарлари ва эришилган ютуқлар намуналари, турли халқларнинг миллий таомлари, либослари, қадрият ҳамда меҳмондўстлик каби урф-одатларини мужассам этган намойишлар ҳеч бир меҳмонни эътиборсиз қолдирмади.
Кечага кўтаринкилик бағишлаган бадиий қисм орқали институтнинг “Young Pover” қувноқлар ва зукколар жамоаси чиқишлари, жозибадор рақслар, Ватан, ёшлик сурури ҳақида айтилган қўшиқлар, саҳна кўринишлари, мусиқий ва шеърий парчалар барчага бирдай кўтаринки кайфият бағишлади.
[gallery-14631]
Эътиборлиси, 9 та тилда мутахассислар тайёрлайдиган институтда 20 та давлат билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Шу боис жамоанинг ҳар бир байрамида дўстлик, биродарлик анъаналари акс этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА